Бўтқани ёқтирмайдиган болалар учун 4 хил нонушта

Бўтқани ёқтирмайдиган болалар учун 4 хил нонушта

Фарзандининг «яна ўша бўтқами», деб хўрсинганини эшитган онанинг виждони уйғониб, янгича нонушта билан болани хурсанд қилгиси келади. Биз эса айнан шундай вазиятларда асқотадиган 4 хил тез ва осон тайёрланадиган нонуштанинг рецептини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Маннийли пудинг

Тайёрлашга кетадиган вақт 45 дақиқа

4—5 порцияга мўлжалланган

Керакли масаллиқлар:

  • Сут 1 литр
  • Манний ёрмаси 200 г
  • Тухум 2 дона
  • Ун 2 ош қошиқ
  • Шакар 4 ош қошиқ
  • Озгина туз
  • Ванилин
  1. Қуюқ манний бўтқасини тайёрлаб, унга 3 ош қошиқ шакар, туз ва ванилинни қўшинг
  2. Тухумларни 1 ош қошиқ шакар билан кўпиртиринг, сўнгра унни қўшиб аралаштиринг ва аралашмани манний бўтқасига қўшинг
  3. Сариёғ билан ёғланган формага аралашмани солиб, устига тухум сариғини суртинг
  4. Олдиндан 180—200 градусгача қиздириб қўйилган духовкада 30—35 дақиқа давомида пиширинг.

Творогли тоблама

Тайёрлашга кетадиган вақт 1 соат 40 дақиқа

4 порцияга мўлжалланган

Керакли масаллиқлар:

  • Творог 500 г
  • Сметана 100 г
  • Крахмал 3 ош қошиқ
  • Шакар 3 ош қошиқ
  • Бир чимдим туз
  • Тухум 2 дона
  • Банан 2 та
  • Ванилин
  1. Творог, шакар, сметана, тухум, тузни идишга солиб блендер ёрдамида аралаштиринг
  2. Крахмални қўшиб яна аралаштиринг
  3. Аралашмани пергамент солинган формага тўкиб, устига кесиб тайёрлаб қўйилган бананни қўйинг, духовкада 190 градусда 25 дақиқа пиширинг
  4. Духовкани ўчиргач, совигунча ундан чиқарманг

Омлет

Тайёрлашга кетадиган вақт 40 дақиқа

3 порцияга мўлжалланган

Керакли масаллиқлар:

  • Тухум 5 дона
  • Сут 400 мл
  • Туз 0,5 чой қошиқ
  • Сариёғ 1 ош қошиқ
  • Помидор 2 дона
  • Пишлоқ 70 г
  1. Тухумларни туз солиб бироз кўпиртиринг, сутни қўшиб яна аралаштиринг
  2. Ёғланган формага солиб, устидан тўғралган помидорларни солинг. Қирғичдан ўтказилган пишлоқни сепинг.
  3. 200 градусгача қиздириб қўйилган духовкада 15—20—30 дақиқа давомида пиширинг
  4. Пишиб чиққач, устига эритилган сариёғ сепинг

Гуручли тоблама

Тайёрлашга кетадиган вақт 55 дақиқа

6 порцияга мўлжалланган

Керакли масаллиқлар:

  • Творог 600 г
  • Тухум 2 дона
  • Гуруч 0,5 стакан
  • Шакар 4 ош қошиқ
  • Туз бир чимдим
  • Сметана 3 ош қошиқ
  • Ванилин
  1. Гуручни қайнатиб пиширинг
  2. Творог, тухум, шакар, гуруч, туз, ванилинни қўшиб аралаштиринг
  3. Пергамент солинган формага аралашмани тўкиб, устига сметанани солинг. Духовкада 200 градусда 30—35 дақиқа давомида пиширинг.

Манба: Daryo.uz