Боғча пули тўловларида кимлар имтиёзга эгалиги маълум қилинди

Боғча пули тўловларида кимлар имтиёзга эгалиги маълум қилинди

Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги боғчалар учун тўловларда кимлар имтиёзга эгалиги ҳақида маълумот берди.

Вазирлик хабарига асосан мактабгача таълим муассасаларидаги болалар умумий сонининг 15 фоизи доирасида кам таъминланган оилалар фарзандлари тўловдан озод қилинади.

Бунда биринчи навбатда ота-оналаридан бири ёки иккаласи I ёхуд II гуруҳ ногирони бўлган кам таъминланган оила фарзандларига, шунингдек ўртача ойлик жами даромади энг паст даражада бўлган кам таъминланган оила фарзандларига имтиёз берилади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати маҳалла томонидан берилган оиланинг мулкий аҳволи тўғрисида маълумотномага ва тегишли мактабгача таълим муассасаси ота-оналар қўмитасининг хулосасига асосан аниқланади ва шакллантирилади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати ҳар ўқув йилининг 25 сентябрь кунига қадар тегишли мактабгача таълим муассасаси раҳбарининг буйруғи билан тасдиқланади.

Рўйхатига кирмай қолган, шунингдек йил давомида аниқланган кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳисобидан захира шакллантирилади.

Тўловдан озод қилинган болаларнинг мактабгача таълим муассасасига қатнаши (бўлиши) тўхтатилиши натижасида бўшаб қолган ўринлар захирадан тўлдириб борилади.

Тўловдан озод қилинадиган кам таъминланган оила фарзандлари рўйхати у тасдиқлангандан кейин ўқув йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Бундан ташқари, болаларнинг жисмоний ёки ақлий ривожланишидаги нуқсонларида мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўлови ундирилмайди. Нуқсонларнинг тўлиқ рўйхати билан вазирликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида танишишингиз мумкин.