Болаларда ҳам сирлар бор

Болаларда ҳам сирлар бор

Бу ҳаётда ҳаммамизнинг ҳам фарзандимиз катта бўлади, улғаяди, дўстлар орттиради ва илк бор кимнидир севиб қолади. Табиийки, вақт ўтгани сайин боланинг ўзига яраша сирлари пайдо бўлади, унинг назарида бу “махфий” маълумотларни ота-она асло билмаслиги керак. Аслида ҳам шундай бўлиши лозимми? Кўпгина вазиятларда ота-она фарзандининг бирор нарсани охиригача гапирмаётганини сезиши билан уни билишга ошиқиб, узоқ вақт бош қотиради. Шундай вазиятга дуч келган ота-оналар, келинг, яхшиси, болаларимизнинг “кичкинагина” сирлари ва уларга нисбатан қандай муносабатда бўлиш ҳақида “каттагина” суҳбат қурайлик…

Ҳаммамизга ҳаётий тажрибадан маълумки, кичик ёшдаги болалар сирлашишни жуда яхши кўришади. Улар учун сир шунчаки “ҳаво”дан ҳам пайдо бўлиши мумкин. Масалан, ўйинчоқни ёстиқ остига беркитиш. Шунинг ўзи унинг учун катта сир. Ахир, у ўйинчоғини яширганини ҳеч ким кўрмади-ку!

Кўпинча, ҳатто энг ишонувчан боланинг ҳам ўз ота-онасига билдирмайдиган гаплари бўлади. Лекин ота-оналар, одатда, фарзандлари доим “очиқ”лигига ва ҳеч нарсани яширмаслигига ўрганишган. Аслида ҳам бу улар учун жуда муҳим саналади. Шу боис аксарият ота-оналар билан суҳбатлашганда, бола ўсмир ёшда сирли бўлиб қолади, деган фикрни эшитамиз. Аммо улар адашишади. Зеро, тўрт яшар болакайнинг ҳам ўз сири бўлиши мумкин.

Бошланғич синф ўқувчиси

Бошланғич синфда ўқийдиган болада субъектив сирлар бўлишини инкор этолмаймиз. Айнан шу сирлар болакай ички оламининг асоси, таянчи саналади. Ахир, хаёлот дунёси, истак ва умидларсиз яшаб бўлмайди-да! Ички олам таъсири боланинг “мен”и шаклланаётганида намоён бўла бошлайди, унда ўзига хос феъл-атвор юзага келади.

Шундай қилиб, фарзанди бошланғич синфда ўқийдиган ота-оналар диққатига: болангизга ҳеч қачон бефарқ бўлманг. Лоқайдлик сизнинг душманингиздир. Болангизни ўз сири бўлса-да, уни сиз билан бўлишишни истайди. Мана шу пайтда “ишонч”ни оқласангиз, у кейинчалик ҳам сизни “сирдош” деб билади.

“Ойижон, сизга бир гап айтайми?”

Агар фарзандингиз сизга бирор кўнглида сақлаётган гапи, хаёли, орзуларини айтса, унинг бу гапларини ҳурмат қилишингиз керак. Сиз учун бу гап аҳамиятсиздек туюлса-да, болангиз учун жуда муҳим. Шу боис уни сир, деб билаяпти. Унутмангки, болакайнинг оламни қабул қилиши билан сизнинг дунёқарашингиз ўртасида осмон билан ерча фарқ бор. Агар бу борада хато қилсангиз, натижаси ачинарли бўлиши мумкин. Бола ҳамма нарсани ичига ютадиган, суҳбатлашмайдиган ва яқинларига ишонмайдиган бўлиб қолади. Шунингдек, фарзандингизни ҳамма нарсанинг майда тафсилотларигача сўзлаб беришини талаб қилманг, яхшиси, кутинг. Вақти келиб, сизни қизиқтирган ва ўзи айтишни истаган ҳамма нарсани гапириб беради.

Ўсмирлар дунёси

Ўсмирлик ёши бола ва ота-она ҳаётидаги энг мураккаб даврлардан бири саналади. Бола 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган пайтда ўз яқинларидан анчагина узоқлашади. Руҳшуносларнинг фикрича, бу ҳолат ўта табиий ҳисобланар экан. Шу маънода аксарият ўсмирларнинг ўтиш даврида ўз ота-онасига ишонмай қўйиши ҳам ҳаётий ҳақиқат. Ёшлик даврингизга хаёлан бир қайтинг, ахир, сизнинг ҳам 15-16 ёшда ҳеч кимга айтмаган гапларингиз бўлган-ку?! Нега энди, улар фарзандингизда бўлмасин? Унинг шахсияти ва феъл-атвори ҳамон шаклланмоқда. Шу боис, чегара ва меъёрни тўғри ушланг. Энди у жажжи болакай эмас, нимани айтиш ва нимани яширишни ўзи ҳал қила олади.

Ота-оналар учун кичик қўлланма

1.Бола катта бўлаётганидан ва у кўп вақтини дўстлари даврасида ўтказаётганидан ваҳимага тушманг. Мабодо, фарзандингиз ўз шахсий ҳаётининг маълум бир қисмига парда тортаётган бўлса, ушбу вазиятга нисбатан сабрли бўлинг. Унга дўст тутина олсангиз, маълум вақт ўтгач, у сизга ҳамма сирларини ўзи очиб беради.

2.Ўсмир ёшдаги фарзандингизнинг сирини билиш, кўчадаги дўстлари ҳақида маълумот йиғиш учун босим ўтказиш ярамайди. Агар у сиз билан дилдан суҳбатлашишни истамаса, бу фурсатни тоқат билан кутинг. Елкангизга бошини қўйиб дардлашгани келганида эса кўкрагидан итармасликни маслаҳат берамиз.

3.Ўсмир фарзандингизни қораламанг ва ўз фикрингизни уқтиришга ҳаракат қилманг. Сизга бўлган ишончи сўнишига хизмат қиладиган суҳбатлардан қочинг.

Психология фанлари номзоди, доцент, руҳшунос

Анжим ШАМШЕТОВА тавсиялари асосида

Дилноза Шуҳрат қизи тайёрлади

Манба: Darakchi.uz