Болани мустақилликка қандай ўргатиш мумкин? Унга шахсий жой ажратинг!

Болани мустақилликка қандай ўргатиш мумкин? Унга шахсий жой ажратинг!

Руҳшунослар болани мустақилликка, пухта ўйлаб қарор қабул қилишга ва ўз шахсиятини тўғри идрок этишга ўргатиш учун унга туғилганидан бошлаб алоҳида шахсий жой ажратиш зарур деб ҳисоблайдилар…

Биз бор кучимиз билан болаларни ёлғизликдан ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз. Боланинг кунини ҳар хил машғулотлар билан тўлдириб ташлаймиз. Боғча ёки мактабдан уйга қайтишда сабрсиз саволлар ёғдирамиз ва дарҳол жавобини эшитишга чоғланамиз.

Ва жуда муҳим нарсани кўздан қочирамиз! Эътибор ва муносабатларнинг ортиқчаси ҳам худди уларнинг етишмаслиги каби муаммолар туғдиради. Мукаммал шахс бўлиб етишиши учун кичкина одамчанинг ёлғиз қолиши жуда зарур. Яхшиси ўзининг хонасида, агар у йўқ бўлса – бола ўзини хўжайин деб ҳис қиладиган болалар бурчагида.

Бола ёлғиз қолган дақиқаларда уни безовта қилманг! Хитой файласуфи Ян Чжунинг огоҳлантиришларини эътиборга олинг: «Табиати бузилиб кетмаслиги учун ҳар бир одамнинг ўзи билан ўзи ёлғиз қолишига имкон беринг»…

Бу ҳикматли гап болалар тарбиясида шундай маънони англатади: ўзингиз болани ёлғиз қолдиришга ўрганмагунингизча, уни мустақилликка ўргата олмайсиз.

Шубҳасиз, бола учун алоқа қилиш жуда зарур! Яқинлари билан муносабатда бўлиш уни ҳиссий жиҳатдан мустаҳкамлайди ва ривожланишига ёрдам беради, шунингдек тенгдошлари билан бўлган алоқалар эса ижтимоий малакалар тўплашига имкон беради.

Бу билан биргаликда бола ёлғиз қолишга ўрганиши зарур. «Қулоқ сол», «қара» каби буйруқларсиз ҳам эшитишни ва қарашни ўрганади. Ўзи ўйнашни ва ўзи ўйлашни ўрганади. Диққатини тўплашга ва кузатувчанликка ўрганади.

Ёлғиз қолишни билмайдиган бола атрофидагиларга жуда боғланиб қолади. Бу ерда муаммо бундай бола билан қийинроқ бўлишида эмас, балки бу боланинг характерига қаттиқ таъсир кўрсатишидадир.

Шунинг учун болани ёшлигидан ўзини ўз ҳудудида ёлғиз қолишига имкон беринг.

Манба: Daryo.uz