Фарзандлар: оналар учун стресс, оталар учун хурсандчилик

Фарзандлар: оналар учун стресс, оталар учун хурсандчилик

Нью-Йоркдаги Корнелл университети олимлари эркаклар ва аёлларнинг ота-оналик бурчларига қандай ёндашишлари мавзусида тадқиқот ўтказишди. Тадқиқот натижаларига кўра, эркакларга ҳам, аёлларга ҳам ўз фарзандлари билан мулоқотда бўлиш бир хилда ёқиши, лекин бунга аёллар кўпроқ куч сарфлашлари ва кўпроқ жавобгарликни елкаларига олишлари маълум бўлди.

Фарзандларнинг ўйин ва сайр қилиш каби қизиқарли машғулотларида одатда оталар иштирок этишар экан. Оналар эса фарзандларининг кундалик маиший талаб ва эҳтиёжларини қондириш вазифасини зиммаларига олишар экан, бунинг устига, болага ғамхўрлик қилишни ёлғиз эплаш билан бирга, кечалари болага қараш учун кўп уйғониш, ўзларига вақт ажратолмаслик каби қийинчиликларни ҳам бошдан кечиришар экан.

Тадқиқотда 2010, 2012, 2013 йилларда 12 минг ота-она иштирокида ўтказилган сўровнома маълумотларидан фойдаланилди. Сўровнома эркак ёки аёлнинг қандай иш билан бандлиги ва ўзини қандай ҳис қилаётганлиги, бу ишни қанчалик аҳамиятли деб ҳис қилиши ҳақидаги саволлардан иборат бўлиб, иштирокчилар бу саволларга жавоб беришда ўзлари бажараётган иш вақтидаги туйғуларини «қайғули», «завқли», «бахтли», «чарчоқли» каби сўзлар билан ифодалашган. Олимлар сўровномани ўрганиш жараёнида фарзанд тарбияси билан банд эркак ва аёлларнинг жавобларини солиштириб кўришди ва бу иш уларда қандай ҳис-туйғуларни келтириб чиқариши ҳақида айрим хулосаларга келишди.

Тадқиқотда иштирок этган олимлардан бири Келли Мусикнинг айтишича, ота ёки онанинг фарзандлари билан бирга ўтказилаётган машғулот вақтида ўзларини қандай ҳис қилишлари  бу машғулотнинг диққат-эътибор, жавобгарлик ва эҳтиёткорликни қанчалик талаб қилиши ва хавфсизлик даражасига боғлиқ экан. Фарзандлар билан бирга вақт ўтказиш одатда оталар учун ўйин шаклида кечади, оналар ҳам бу жараёнларда кўпинча улар билан бирга бўлишади ва бир вақтнинг ўзида кундалик ишлар ҳақида ҳам қайғуришади. Оталар фарзандлари билан бирга ўйинлар ўйнаб, сайр қилишдан завқланиш олсалар, оналарнинг хаёлини кўпинча «тушлик тайёрлаш», «болалар уст-бошининг тозалиги», «кир ювиш» каби фикрлар банд қилади. Фарзанд тарбиясидаги мажбуриятларнинг бундай тарзда тақсимланишини жамиятдаги «стандарт» фикрлар билан тушунтирса бўлади, дейди Келли Мусик. Чунки жамиятда азалдан қабул қилинган тартиб-қоидага кўра, фарзанд тарбиясидек муҳим иш кўпроқ аёл кишининг, яъни онанинг зиммасига юклатилади.

Манба: Daryo.uz