Кичкинтойлар учун таомнома тузамиз!

Кичкинтойлар учун таомнома тузамиз!

Кичкинтой ёшига етгач, оналарни «қандай овқатлантирсам экан?» деган савол ўйлантиради. Боланинг биринчи ёшидаги тановули келгусидаги ривожланиш жараёнига таъсир этади. Айнан мана шу вақтдан бошлаб болалар таомномасини фойдали маҳсулотлар билан тўлдириб бориш керак. Бироқ бу ишни қадамма-қадам бажариш кераклигини ҳам унутманг. Зеро, бола организми ҳали ёш, унга ортиқча калориялар билан босим ўтказиш соғлиғи учун зарарли. Ёшига етган болага қандай маҳсулотлар фойдалилиги ҳақида билишни истасангиз, суҳбатимизга қўшилинг.

Овқатланиш тартиби

Ёшига тўлган бола руҳиятида егуликларни ранги, кўриниши ва мазасига кўра ажратиш ҳолати мавжуд. Шу сабаб шоколад ва ранг-баранг конфетлар болалар диққатини тезда жалб қилади. Болангиз учун кун давомида истеъмол қилинадиган маҳсулотларни унинг ҳаракатига кўра тузиб чиқинг (ўйнаш вақти, ухлаш маҳали, уйқудан сўнг каби) Шунда таомномага қўшилган янги маҳсулотлар бола ошқозонига оғирлик қилмай, яхши ҳазм бўлади. Бир кунлик овқатланиш тартиби қуйидаги бўлиши мумкин:

  • Биринчи нонушта: иложи борича сутли аралашма (қуруқ аралашма кўринишидаги тайёр бўтқалар) бўлсин. Агар болангиз ҳали ҳам эмизикли бўлса, она сутидан фойдаланиш мумкин.
  • Иккинчи нонушта: гуручли ёки манний ёрмасидан тайёрланган сутли бўтқалар.
  • Тушлик: суюқ ва қуюқ овқатларни кетма-кетликда беринг. Бир гал ёғсиз сабзавотли шўрва бўлса, яна бирида буғда тайёрланган гўштли таом бўлиши лозим.
  • Тушликдан кейинги тановул: бу вақтда болангиз уйқудан уйғониб, қорни бироз очиққан бўлади. Унга мевали бўтқа ёки товорог ва ёғсиз сметана аралашмасидан беришингиз мумкин.
  • Кечки овқат: катталар учун тайёрланган таомларнинг ҳаммаси ҳам 1 ёшли болага тўғри келавермайди. Унга енгил ҳазм бўлувчи картошка бўтқаси, гўштли тефтель ёки буғда тайёрланган котлет каби таомлардан бериш мумкин.

Болакайга таомнома тузаётганда маҳсулотлар таркибида туз миқдори камроқ бўлишига аҳамият беринг.

Манба: Darakchi.uz