Мадад-шифо: “қизимни эмлатгандим, ичи сураяпти…»

Мадад-шифо: “қизимни эмлатгандим, ичи сураяпти…»

— Режали эмлаш тақвими бўйича навбатдаги вакцина қилинганди. Аммо шундан кейин қизалоғимнинг тоби қочиб, 3-4 кунча ичи кетди. Энди бўлса, кунора ичкетардан азият чекади. Наҳот бу эмлашнинг таъсири бўлса?! Бундай вазиятларда бирор дори берса бўладими, масалан, диареяни тўхтатадиган ёки ўзи ўтиб кетишини кутиш керакми?

Матлуба Бекназарова, Тошкент вилояти

Магина АРТИКОВА, шифокор-педиатр:

— Аслини олганда ҳар қандай эмлаш жараёни гўдак организми учун оғирлик қилиши мумкин, негаки, бу ҳолат бола иммун тизимига таъсир кўрсатади. Эмлашдан кейинги ўзгаришлар сифатида тана ҳароратининг кўтарилиши, ич суриши, қайт қилиш кабилар кузатилиши мумкин ва бундай вазиятларда педиатр билан маслаҳатлашиб, кичкинтой аҳволидан бохабор бўлиб туриш кифоя. Вакцина таркибидаги микроорганизмлар гўдак меъда-ичаклар шиллиғини таъсирлантиради, шунинг эвазига болада ич суриши келиб чиқади.

Безовталик пайтида ичаклар микрофлорасини яхшиловчи препаратлар берилгач, ич келиши тўхташи лозим. Агар бундай бўлмаса ва ич суриши бир суткадан кўпроққа чўзилса, бола ахлатининг ранги кўкимтир тусда (таркиби суюқ, шилимшиқ аралаш) бўлса, даволовчи шифокорга мурожаат қилинади.

Манба: Darakchi.uz