Ўғил-қизингизнинг гапларини эшитасизми?

Ўғил-қизингизнинг гапларини эшитасизми?

Ўсмир фарзандларингиз гапингизга кирмайдиган бўлиб бораётганидан нолийсиз: мени умуман эшитмайди дея. Хўш, ўзингиз-чи? Уни эшитасизми? Ўсмир учун тингланиш ва тушунилиш жуда муҳим. Шуни эътиборга олган ҳолда қуйидаги тестдан ўтишга чорлаймиз. Сиз ўғил-қизингизни нақадар тинглай оласиз?

1. Муҳим имтиҳон арафаси. Болангиз…

А. Сиздан ёрдам сўрайди. Бирга тайёрланиш осонроқ-да (а)

Б. Дарс қилишга минг ундаманг, қулоқ солмай, интернетда ўтираверади (б)

В. Ўзи жон-жаҳди билан тайёрланади. Сиз вақти-вақти билан ўзини асраши, дам олиши кераклигини эслатиб турасиз. (г)

Г. Сиз ҳатто унинг яқинда имтиҳон топшириши кераклигини ҳам билмайсиз (в)

2. Ўқитувчиси болангизнинг хулқи ҳақида гаплашиш истагида сизга қўнғироқ қилди. Сизнинг биринчи айтадиган гапингиз:

А. «У нима иш қилиб қўйди?» (б)

Б. «Ишқилиб ўзи соғми?» (а)

В. «Яна бир соат насиҳат қилишга тўғри келар экан-да» (в)

Г. «Уф, жонга тегди-да роса шу ўқитувчи» (г)

3. Дўконда болангиз кўпинча…

А. Кераксиз буюм олиб беришингизни сўрайди (в)

Б. Бирон нарса сотиб олишдан аввал сизнинг фикрингизга қизиқади(а)

В. Худди сиз каби шопингдан лаззатланади (г)

Г. Нуқул дидингиз уникига мос келмаслигидан нолийди. Бу доим жанжалга айланади (б)

4. Унинг хоббилари сизда қуйидаги фикрларни уйғотади:

А. «Асосийси, улар хавфсиз. Қолганига чидаса бўлади» (б)

Б. «Кўчада санғиб юргандан шуниси ҳам тузук» (в)

В. «Мазза қилиб яшаяпти. Хоббиси аслида мен учун ҳам қизиқ» (г)

Г. «Қизиқишларимиз умумий бўлгани қандай яхши?» (а)

5. Болангиз сиздан ниманидир яшираётганини қаердан биласиз?

А. «Ишлар қалай?» деб сўрасангиз қисқа жавоб беради (б)

Б. Бўлар-бўлмасга жиззакилик қилаверади (в)

В. Кўпинча ўзи ҳамма гапни айтиб беради (г)

Г. Кутилмаганда камгап ва ювош бўлиб қолади (а)

6. Дугоналарингиз фарзандингиз ҳақида шундай дейишади…

А. «У кимга ўхшаб бунчалик мустақил бўлиб ўсяпти?» (г)

Б. «Очиққина а? Меники ичимдагини топ хилидан!» (а)

В. «Захаргина экан» (в)

Г. «Эҳ, болалигида фариштанинг ўзи эди-я» (б)

7. Болангизга нима етишмайди деб ўйлайсиз?

А. Тажриба ва имкон. Аммо ҳадемай улар пайдо бўлишига шубҳангиз йўқ. (г)

Б. Интизом. Эслатмасангиз, кийимини ҳам йиғиштирмайди, дарсини ҳам қилмайди. Келажакда қийналмаса бўлди (б)

В. Хотиржамлик. Бунақа асаблар билан яшаш осон бўлмайди (в)

Г. Ташаббускорлик. Ўзи истеъдодли бола, лекин журъат ва қатъияти камроқ… (а)

НАТИЖАЛАР

«А» жавоб кўп

Ҳаддан ортиқ тинглаб юборяпсиз

Муносабатларингиз ёмон эмас, аммо фарзандингиз мустақил бўла олишига ишонмайсиз. Сиз болангизга жуда эътиборлисиз, лекин у сизнинг фикрингиз ва баҳоларингизга кўп эътибор бермайди. Келажакда бу унга халақит бера бошлайди. Уни мустақил бўлишга аста ўргатиб боринг ва ҳеч қачон танқид қилманг.

«Б» жавоб кўп

Эшитишда нуқсонлар бор

Болангиз билан совуқ уруш ҳолатидасиз. Кўпчилик ўсмирларнинг ота-онасида шундай ҳол кузатилади. Болага катта одамга қарагандек қараб боқинг. Дўстларингиз, дугоналарингиз, ҳамкасбларингизни тинглайсиз-ку, худди шундай болангизга ҳам қулоқ тутинг. Фақат буни асабийлашмаган ҳолда, совуққонлик билан амалга оширинг. Ҳафтада бир марта «музокаралар столи» уюштиришга ҳаракат қилинг. Унда ҳар ким ўз дардини, муаммоларини, эътирозларини айтиб, муносабатлар хотиржам шароитда муҳокама қилиб олинади. Эҳтимол, уришиш учун сабаблар у қадар кўп эмасдир. Шундай, албатта. Ахир, сиз она-боласиз.

«В» жавоблар кўп

Ортиқча шовқин кўп

Сизнинг алоқа каналингиз таъмирга муҳтож. Болангиз кўп марта ишончингизни оқламаган шекилли, оқибатда унга ишонмай ва уни эшитмай қўйгансиз. Яқинлашиш йўлини излайсиз-да. Қайсар ўсмирингиз нимага қизиқади? Унга яқинлашиб, қизиқишларига сиз ҳам бош қўшишингиз керакдир балки. Бирга ниманидир қилиш ўзаро муносабатларни яхшилашнинг энг самарали йўли.

«Г» жавоблар кўп

Диққатингиз аъло даражада

Фарзандингиз билан бир-бирингизни жуда яхши тушунасиз. Болангиз сизга қулоқ солади, бунга жавобан сиз унга тўлиқ ишонасиз. Хуллас, мулоқотингизга ҳеч нима халақит бермайди. Давом этаверинг!

Шаҳина тайёрлади

Манба: Darakchi.uz