Ота-оналар, тилимизга эҳтиёт бўламиз!

Ота-оналар, тилимизга эҳтиёт бўламиз!

Ўғил ва қиз болалар тарбиясининг ўзига хос жиҳатлари, фарқлари бор. Кўринишдан бир хил туюлса-да, бу икки қулфга тушадиган калитлар бироз фарқли. Биз кундалик қўллайдиган жумлалар, ҳатти-ҳаракатлар мурғак вужуд ва руҳият учун катта таъсир кўрсатишини кўпда ўйламаймиз ҳам. Бу мақоламиздан кейин эса болаларимизга айтаётган жумлаларимизга хушёр бўла бошласак, ажаб эмас.

Қизларга айтиш мумкин бўлмаган гаплар

«Бу ўғил болаларнинг ўйинчоғи, ўйнама»

Нега энди қиз бола машина ўйнамаслиги керак, деган саволга тузук-қуруқ жавоб топиб бериш мушкул. Машиначаларни яхши кўриши қиз боланинг келажакда эркакшода бўлиб ўсишидан далолат бермайди. Бу атроф-оламга бўлган соғлом қизиқишнинг ифодаси, холос. Ўғил болалар учун конструкторлар, қизлар учун эса қўғирчоқлар мажмуасини совға қилиш орқали биз уларга ёшлигиданоқ «Ўғил болалар учун ақл, қизлар учун ҳусн муҳим» деган нотўғри ақидани сингдирамиз. Келажакда бу қизлар ақлли ўғилларни тарбиялаши кераклигини эса унутиб қўямиз.

«Қизлар ундай қилишмайди…»

Дарахтга тирмашиш, сувга калла ташлаш, кароват устида сакраш ёки ёқтирмаган одамига қўпол муомалада бўлишни қизлар учун ёт хислатлар деймиз. Лекин қизалоқлар ҳам жисмонан соғлом, эгилувчан, чаққон, ўрни келганда ўзини ҳимоя қилиши (ҳеч бўлмаса сўз билан) кераклигини унутиб қўямиз. Тўғри, бола сағлигига хавф соладиган ишлар билан шуғулланмаслиги керак. Аммо бу ҳар икки жинсдаги болаларга бирдек тааллуқли. Шу сабабли, қиз бола эканини пеш қилмай, бошқа асосли далиллар билан уни бу хавфлардан огоҳ этиш керак.

«Фалончи бир йигитнинг бошини айлантириб олибди…»

Бу билан йигитлар ўлжа, қизлар эса овчи, ҳамиша яхши ўлжа ортидан ов қилиш, йигитларнинг бошини айлантириб олиш керак деган хулосалар келиб чиқади. Қиз бола муҳаббат отлиғ соф туйғуни мана шундай жўн, тўпори ва шахсий манфаат нуқтаи назаридан тушуниши ортидан ҳаётда кўп қоқилиши мумкин. Қизингизнинг келажагини ҳозирдан бузманг, тилингизга эҳтиёт бўлинг.

«Эркакларга маза!»

Албатта, эркакларга кўп жиҳатдан осон, лекин бу қизалоқ ёшлигидан ўзини камситилган, ноқис ҳис этиб яшаши керак, дегани эмас. Биринчидан, аёлларга ҳам осон жойлари бор. Иккинчидан, қиз бола ўзига ишонса, дуч келган йигитнинг алдовларига учмайди. Ўзига ишониши учун эса унга «Сенга қийин бўлади», «Аттанг, қизбола бўлиб туғилгансан-да» деган гапларни умуман гапирмаслик керак.

«Бунча семириб кетаяпсан, озишинг керак»

Айниқса, ўсмир қизалоқларга бундай демаслик даркор. Ўсмирлар шундоқ ҳам ўзларига ишончи сусайиб, бундан сиқилиб, атрофдагилардан кўп саволларига жавоб қидирган, ҳаётдан маъно излаётган бўлади. Оналар бу пайтда уларнинг ташқи кўриниши ва ички олами борасида ҳар бир сўзларини ўйлаб гапиришлари, қизларига руҳан мадад бўладиган, уларнинг кайфиятини ва ўзига бўлган ишончини оширадиган сўзларни айтишлари лозим. «Озишинг керак» деганини улар ҳозир «Ёқимтой эмассан» деган маънода қабул қилишлари мумкин. Ўсмирлик даврида қаттиқ парҳез қилишга тиббиёт қарши, бу стресс руҳиятига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли қизларни ўзларини борича севишга ўргатишимиз шарт.

«Бадавлат йигитга турмушга чиқишинг шарт»

Ҳозир кўп қизларнинг дарди шу бўлиб қолди. Ташқи кўринишга ҳаддан ортиқ эътибор беришлар, тўй-ҳашамларда даврадан чиқмай ўйнашлар, йигитлар эътиборини тортиш учун ижтимоий тармоқларга пайдар-пай суратлар жойлашлар… Нима қилиб бўлса ҳам бадавлат йигитга тегиб олиш. Кечирасиз-у, бадавлат йигитлар ёш бола эмаски, қўғирчоқ ўйнаса. Чиройли сурат ортида мазмунли сийрат бўлмаса, бадавлат шаҳзодадан умид узинг. Ички ўсиш, руҳан ва маънан бойиш ҳақида ўйланг, қизларжон. Обрў ва қимматингизни туширманг. Шунда шаҳзодаларнинг ўзи сиз томон ошиқади.

«Ўзи ўғил кўришни истаган эдим…»

«…лекин сендек бахтни берган Худойимга шукр» дея гапингизни юмшатмоқчи бўлсангиз ҳам, барибир, ундай деманг. Іар бир бола туғилмасиданоқ ота-онаси томонидан севимли, кутилган, орзу қилинган фарзанд бўлганини билиши керак. Ота-онасининг қалбидаги ва хаёлидаги ўзи эгаллаган ўрин бола учун жуда муҳим. Сиз ҳамиша ана шу жойнинг нақадар катта эканини намоён этиб туринг.

Ўғил болаларга айтиш мумкин бўлмаган гаплар

«Баракалла!»

Мақтов, олқиш сўзлари ўғил болалар учун жуда керак. Аммо мақтовга ижодий ёндашиш лозим. Биринчи, иккинчи марта «Баракалла», «Молодец!» деган алқовларни эшитганда болакай, албатта, яйраб кетади. Лекин ҳар сафар автоматик тарзда шу сўзни айтаверсангиз, қадрини тушириб юборасиз. Шунинг учун бир мақтовга ёпишиб олманг, ўғлингизни ҳар сафар қилган ишига қараб турлича тарзда мақтанг ва рағбатлантиринг.

«Тез-тез бўл!»

Болаларнинг фикрлаш, ҳаракат қилиш, умуман яшаш шиддати катталарникидан фарқ қилади. Ўғил болалар эса кўпинча қизлардан фарқли равишда чаққон бўлмайдилар, ҳаётларининг илк даврида қизлар ривожланишда ўғил болалардан илдамроқ бўладилар. Шу сабабли пойафзали боғичини синглисига нисбатан кечроқ боғлаган ўғлингизни бунинг учун койиманг, синглисини унга ибрат қилиб кўрсатманг. Вазиятни тушунинг ва муносиб реакция кўрсатинг. Шунда боланинг ўзига нисбатан ишончи сўнмайди.

«Мени тинч қўй!!!»

Бу турли шаклда айтилиши мумкин: «Халақит берма», «Нари тур», «Иш қилгани қўясанми, йўқми?» ва ҳоказо. Ўғил болалар шўх, тектурмас ва онасига ёпишган бўлишади. Улар ҳар қандай ишни онасининг «орбитасидан чиқиб кетамаган» ҳолда қилгилари келади. Оналар эса буни тушуниш ва қадрлаш ўрнига уларни ўзларидан итарадилар. Албатта, айрим ишлар диққатни, хотиржам ёндашувни талаб қилади. Аммо буни болага қандай айтишни билиш керак. Баланд овозда жаҳл билан «Йўқол!» дейиш қайдаю «Болажоним, озгина сабр қилгин, тугатиб олай, кейин бирга ўйнаймиз» дейиш қайда? Иккинчи усулни қўлласангиз, болакайнинг руҳини чўктирмаган ҳолда уни сабр қилишга ўргатасиз.

«Асабларимни ўйнама! Улар темирдан эмас!»

Ҳаммангиз шундай дейсиз-а? Болаларга бундай дейиш керак эмас, айниқса, онасининг аҳволига ўта таъсирчан ўғил болаларга. Айрим оналар бир умр касалликлари билан болани «шантаж» қилиб келадилар. Бу кичкинтойнинг энг соф туйғулари билан ўйнашиш, улардан фойдаланишдир. Ўғлингиз сизни алдамаслигини, доим сиз билан очиқ ва самимий бўлишини истасангиз, сиз ҳам уни алдаманг. Қолаверса, ҳадеб касалман деявериш, асаблардан нолиш болани бу ҳолга нисбатан кўниктириб қўяди. Бир кун келиб чиндан тобингиз қочганда ҳам у ишонмай қўйиши мумкин. Доим шундай бўлади, барибир бирпасда тузалиб кетади ойим, деб ўйлайди-да.

«Қани, жим!»

Тасаввур қилинг, дўстингиз, ҳамкасбингиз ё ака-укаларингиздан кимгадир шундай дея оласизми? Йўқ, албатта. Бундан улар қаттиқ ранжиши ва орадаги муносабатлар бузилишиини биласиз. Хўш, нега болангизга бундай дейсиз? Нега ўғил боланинг иштиёқини, шаҳдини сўндирасиз, ундаги журъатни шу жумла билан ўлдирасиз? Тўғри, «Ҳой» демасангиз, бу болалар ҳаддидан ошиши мумкин. Лекин сиз уларни тартибга чақиришнинг бошқа конструктив, руҳиятига таъсир этмайдиган усулини топа оласиз, агар истасангиз. Бирдан бақириб «Бас қил!» дейиш эса муаммони бир муддатга ечиб берса ҳам, узоқ муддатли натижа бермайди. Сизнинг ғазаб олдида ожизлигингизни кўрсатади, холос.

Шаҳноза СОАТОВА тайёрлади.

Манба: Darakchi.uz