Ота-оналарнинг 7 хил хатоси

Ота-оналарнинг 7 хил хатоси

Ғамхўр ота-оналар фарзандининг ҳар томонлама ривожланиши учун барча шароитни яратишга ҳаракат қиладилар. Мутахассисларнинг фикрича, айнан шу жараёнда ота-оналар ўзлари билмаган ҳолда айрим хатоларга йўл қўядилар. Шундай хатоларнинг энг кўп учрайдиганлари устида тўхталиб ўтамиз.

  1. Бировларга солиштириш

Фарзандининг ривожланиш даражасини китоблардаги «стандартлар» билан ёки танишларининг фарзандлари билан солиштириб кўриш, агар китобда ёзилганидан ёки таниш боланинг ривожланишидан орқада қолаётган бўлса, хавотирга тушиш каби ҳолат жуда кўп учрайди. Хавотирланишга шошилманг! Боладан худди китобларда ёзилганидек ёки танишингизнинг боласи билан бир хилда ривожланишини талаб қилиб бўлмайди. Хавотирга жиддий асосингиз бўлса педиатрга мурожаат қилсангиз бўлади.

  1. «Ривожланиш бошланадиган вақт»ни кутиш

Баъзи ота-оналар фарзандимиз ривожланадиган ёшга етганда тарбияни бошлаймиз, дейишади. Аслида, бола ривожланиши туғилган заҳоти бошланади. Шунга мувофиқ, тарбияни ҳам туғилган заҳоти бошлаш керак.

  1. Маслаҳат ва йўриқномаларга жиддий риоя қилишга ҳаракат қилиш

Булар асосан ота-оналар учун ёзилган китобларда учрайди ёки боланинг меҳрибон бувижониси ёки бошқа бир тажрибали оналар томонидан айтилган бўлиши мумкин. Уларга кўр-кўрона эргашиб бўлмайди. Чунки фарзандингизнинг  ўзига хослиги, ҳеч кимга ўхшамайдиган томонлари бу йўриқнома ва маслаҳатларга ўзгартиришлар киритишни талаб қилади.

  1. Бола тарбиясини бошқаларга тўлиқ топшириб қўйиш

Мактабгача бўлган тарбия муассасаларининг бола ривожланишидаги ўрни катта. Лекин айнан сиз бажаришингиз керак бўлган вазифалар барибир сақланиб қолади. Масалан, болага атрофимиздаги дунё ҳақидаги билимларни фақатгина ўзингиз бера оласиз ва дунёқарашининг тўғри шаклланишини йўлга қўясиз.

  1. Болани янги ахборотлар билан чарчатиш

Бола ривожланишини тезлатиш мақсадида, унга янгидан-янги нарсаларни ўргатишда эҳтиёт бўлиш керак, чунки янги ахборотларнинг кўплиги бола руҳиятини чарчатиб қўйиши мумкин.

  1. Ўйинчоқларни кўп олиб бериш

Боласини хурсанд қилиш учун турли хил ўйинчоқлар олиб бергиси келадиган оталар ва оналарни тушуниш мумкин. Лекин бу нарсада ҳам меъёр бўлгани яхши. Чунки кўп сонли ўйинчоқлар орасида қолган бола улардан зерика бошлайди, бунинг устига фақат ўйинчоқлар билан вақт ўтказган болада атроф олам ҳақида тўғри тасаввур шаклланмайди.

  1. Ғамхўрлик ва назоратни меъёридан ошириш

Бола хавфсизлиги ҳақида қайғуриш албатта, ота-онанинг бурчи ҳисобланади. Ғамхўрлик ва эътиборнинг ҳаддан кўплиги эса боланинг ҳаёт ҳақида билим ва тажрибалар орттиришига ҳалақит беради, бола мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган ҳолда катта бўлади. Шунингдек, назоратнинг ортиқча бўлиши боланинг мустақил қарор қабул қилишга ўрганиши ва шахсий фикрининг шаклланиш жараёнларига халақит беради. Болангизнинг иродали ва қатъиятли шахс бўлиб вояга етишини хоҳласангиз, унга мустақиллик беринг.

Манба: Daryo.uz