Оталар диққатига: нимага фарзандингизга китоб ўқишингиз муҳим?

Оталар диққатига: нимага фарзандингизга китоб ўқишингиз муҳим?

Болаларга уйқудан аввал китобни оналар эмас, оталар ўқиб берса, болалар яхшироқ ривожланади. Бундай хулосага Гарвард университети тадқиқотчилари келишди.

Уйқудан аввал фарзандларга китоб ўқиб бериш одатда оналар билан боғлиқ, лекин оталар ўқиганда алоҳида таъсир кўрсатар экан.

Тадқиқот устида ишлаган Элизабет Дуурсма таъкидлашича, эркаклар ва аёллар бу вазифага турлича ёндашишар экан. Аёллар кўпроқ фактлар билан боғлиқ саволлар берар экан. Масалан: “Нечта олма кўряпсан?” Оталар эса бола тасаввурини кенгайтирадиган саволлар берар экан. Масалан: “О, қара! Олма! Эсингдами фермага олма тергани боргандик?”

Бу ўз ўрнида бола луғат бойлиги ошишига олиб келади, чунки бола ота берган саволларга жавоб бериш ва сухбатни давом эттириш учун янги сўзлар қидиришга ҳаракат қилади.

Тадқиқотчи айтишича, оталар ўз фарзандларига 2 ёшга тўлмасдан китоб ўқишни бошласа, бола тезроқ ривожланар экан. Оталар китоб ўқишидан айниқса қизлар кўпроқ ривожланиши кузатилган.

Only One Color by Carol Fajardo

Америка мактабларида бошланғич синфда ота-оналарга кундалик топшириқ келади: “Фарзандингизга кунига камида 20 минут китоб ўқиб беринг”. Бора-бора, бола ўқишни ўрганиши билан кунига 20 минут ўқиш топшириғи болага ўтади. Бу одатга айланади.

Ҳозирда 2-синфда ўқийдиган ўғлимиз Умарбек тахминан 100 бетлик болалар китобини 2 кунда ўқиб тугатади. Ўқишга шунчалик берилиб кетадики, ҳаттоки овқатлангани чақиришимизни сезмай қолади.

Куни кеча ўғлимиз ўқийдиган мактабда кутубхона томонидан уюштирилган китоб ярмаркаси бўлди. Болалар ва ота-оналар камида 3-4 китобларни танлаб уларга пул тўлаш учун кассага навбатда туришибди. Бўлмаса мактаб кутубхонасида ҳар ёшдаги ва турли қизиқишга эга болаларга бир олам китоблар бор ва уларни бепулга олиб ўқиса бўлади.

Ўзбекистонда бундай навбатларни, масалан, озиқ-овқат дўконида шакар ёки унгагина кўриш мумкин. “Шарқ” нашриёти дўконида эмас.

Америкалик ота-оналар телевизор кўришдан вақтини тежаши мумкин, лекин ўз фарзандига китоб ўқиб беришдан вақтни аямайди. Буни улардан ўрганса бўлади!

Манба: nodirzakirov.com