Оталар икки хил бўлади

Оталар икки хил бўлади

Оталар икки хил бўлади:
1. Тарбия этувчи оталар. Улар ҳар куни тарбия ёки ахлоқ асосларини фарзандларига уқтириб борадилар. Улар фарзандларининг хато қилишини кутиб ўтирмасдан тўғри йўлга соладилар. Бундай оталар кам, аммо уларнинг таъсири кўпдир.
2. Ахлоқ тузатувчи оталар. Улар хато содир бўлгунча юраверадилар, фарзандлари хато қилганидан кейингина аҳволни тўғрилайдилар. Улар жуда кўп, лекин таъсири оз.

(«Оилам билан ҳар кун ҳаёт дарсини ўрганамиз» номли тарбия китобидан)

Ботир ёшлигидан оилада ўзгача тарбия кўрди. Унинг серсавол табиатига ҳар сафар ота-онаси катта одамлардек тушунтириб беришарди. Айниқса тўрт ёшида бўлиб ўткан воқеа ҳеч эсидан чиқмайди. Бир куни телевизорда бошланган “Время” кўрсатувида Москва вақти билан деворида осилган соатнинг бир ҳил эмаслигини пайқаб қолганида дадаси коса, пиёла ва кичкана қопқоқларни тўнкариб қўйиб ўзига хос кичкина галактикани ҳосил қилган ва вақтлар фарқини тушунтириб берган эди. Бунда косани ушлаб олган дадаси атрофида пиёла билан онаси, унинг атрофида эса қопқоқ билан Ботир айлангани тошга ўйилган нақшдек бўлиб қолган.

Галактика тахминан шундай тасвирланган эди

Вақт ўтиб мактабга борганида ҳам бу қизиқувчанлиги ҳеч сўнмади. Синфдош дўстлари ва айниқса амакисининг тенгдош ўғли Самандар билан бир ҳил катта бўлаётган бўлса ҳам улардан фарқланиб турар эди. Ботир бу фарқдан ҳар доим ҳам хурсанд бўлмас эди. Улар каби кун бўйи кўчада бўлишни, футбол ўйнашни, сойга чўмилишга боришни, тўйга чиқишни, рамазон ойида уйма-уй рамазон қўшиғини айтишни истар, аммо бу ишларни қилиб ота-онасини хафа қилиб қўйишдан қўрқар эди. Айниқса унга ҳеч қачон қаттиқ гапирмаган ва қўлини теккизмаган дадасининг “ўғлим, ростдан ҳам сен шу ишни қилдингми?” деган саволи янграшидан чўчир эди. Бу билан болалар қиладиган бу ишлардан узоқ бўлган деган хулосага келиш керак эмас. У ҳам болалар каби футбол ўйнар ва сойга чўмилишга борар, аммо белгиланган вақтда уйида бўлар эди. Катта фарқи, у ҳеч қачон тунда бўладиган маҳалладаги тўйга чиқмас эди. Бир куни Самандар билан қўшни кўчада бўлаётган тўйга борди. Одамлар тўйда бақиришлари, ўйнашлари унга ғалати кўринар, айниқса қоронғуда сигаретлари учи қизариши ва бироздан сўнг оғизларидан паға-паға тутун чиқиши уни ҳайратга солар эди. Шу вақт Самандар бир-икки марта дадасининг сигарети қолдиқларини чекиб кўрганини мақтаниб қолди. Табиатан қизиқувчан Ботирда ҳам сигарет чекиб кўриш иштиёқи пайдо бўлди. Айниқса ичига ҳаво тортганида унга қоронғуда сигаретнинг учи қизариши қизиқ кўринар эди. Тилагини Самандарга айтди. Самандар бир пастда ярим чекилган сигарет қолдиғини қаердандир топиб келди.

Фарзандларимизни сигаретдан узоқ тутайлик (Манба: http://infomaniya.com)

Улар тўйхонадан чиқиб чеккароқда ўтиб чекишни бошлашди. Тажрибали Самандар оғзидан тутун чиқаришнинг усулларини кўрсатиб мақтанди. Ундан сигаретни олиб биринчи бор чекиб кўрган Ботир йўталдан бўғилиб қолай деди. Буни кўрган қорнини ушлаб кулаётган Самандар бироздан сўнг кулгуси оғзида қолди. Чунки улар жиноят остида қўлга тушишган эди. Иккаласини қўлидан ушлаб олган қўшниси уларни уйига қараб тортиб кетди. Биринчи Ботирнинг уйига кириб, кўрганини дадасига айтиб бир қўлида Самандар билан чиқиб кетди. Супада ишдан чарчаб келиб чой ичиб ўтирган дадаси Ботирга ёмон қараб қўйди, аммо индамади. Амакилари ён қўшни бўлгани учун бироздан сўнг уларнинг ҳовлисидан Самандарнинг йиғи овози эшитилди. Амакиси Самандарни қаттиқ овозда сўкиб урар эди. Буни эшитган Ботирнинг дами ичига тушиб кетиб, биринчи бор таёқ ейишга ўзини руҳан тайёрлай бошлади.

-Ростдан ҳам сигарет чекдингми, ўғлим? Мен чекмайдиган нарсани қандай оғзингга солдинг? — деган дадасининг гапи уни ўзига келишига ёрдам берди. Аммо, индамай бошини ҳам қилиб ўтираверди.

Мен ҳам амакинг Самандарни ургандек сени уришимни истайсанми?

-…

-Ишдан чарчаб келганимда қўшниларнинг шунақа “суюнчи”сини эшитиш ёқимли деб ўйлайсанми? Биласан сени шу кунгача урмаганман, сўкмаганман. Қани энди ўзинг айт, нима қилай?

-… — бу саволлардан Ботир ер ёрилса-ю, ерга кириб кетишга рози эди.

-Майли, бор кўмирхонага кирда ўша ерда қилган ишингни яхшилаб ўйла. — деган дадасининг жиддий гапидан сўнг Ботир секин ўрнидан туриб, дарвозахона яқинидаги кўмирхона кириб кетди.

Кўмирхона чироғини ёқиб эшикни ёпди ва нима қилишини билмай тураверди. Бироздан сўнг яқинлашаётган оёқ овозидан юраги тез уришни бошлади, аммо эшик очилмади. Аксинча сиртки томондан қулфлаб қўйилди. Ботир бир бурчакда ётган газетани олиб ярмини йиртди ва кўмир бўлаги устига қўйиб ўтириб олди. Иккинчи бўлагини эса ўқишни бошлади. Газетани ўқиб бўлганида, маҳаллада тўй ҳам тугаб одамлар тўйдан бақир-чақир қилиб қайтиб кетишди. Айб ўзида бўлган Ботир эшикни тақиллатишга ҳам, бақиришга ҳам қўрқар эди. Орада ҳовлида ҳамма нарсани йиғиштириб юрган онасининг шарпасини эшитди, аммо овоз чиқариб чақиришга ботинаолмади. Газетани яна икки-уч марта ўқиб чиққан Ботирнинг уйқуси келишни бошлади, аммо ухлашга имкони йўқ эди. Шу кўйда қанча ўтирганини эслайолмайди, аммо кўчада тонг отишни бошлаганини хўрозларнинг қичқириқларидан тушунди. Ҳовлида яна оёқ шарпалари эшитилди ва бироз ўтиб дадаси дарвозадан чиқиб ишга кетди. Шунда ҳам Ботир ёрдам сўрашга ботинаолмади. Беш дақиқалардан кейин кўча томондан шошиб келган оёқ овозлари кўмирхона эшиги олдида тўхтади ва эшик очилди. Дадаси унга бир бош қараб чиқиб индамай яна шошиб кетди.

Афтидан дадаси кечаси уйда телевизор кўриб ўтириб ухлаб қолган ва Ботирга берган жазоси эсидан чиққан. Эрталаб соат 05:30 ларда ишга кетаркан, кеча тўй бўлган уй ёнидан ўтгандагина эсига тушган ва йўлдан қайтиб келган эди.

Ботир уйга кириб ўз ўрнига ётди. Ҳеч нарсадан хабари йўқ онаси уни ҳар доимгидек соат 07:00 да уйғотди. Ҳар куни қиладиган ишларини қилиб, нонуштадан сўнг бирга мактабга кетишди. Уйларидан мактабгача 15 дақиқалик йўл давомида ҳар куни онасига шеър ва математик мисолларга жавоб бериб кетадиган Ботир бугун адашавергани учун дакки эшитиб кетди. Мактабда биринчи соатда аранг ўтирган Ботир, иккинчи соатда бўладиган ботаника дарсида ўзини тутаолмади. Ўқитувчисининг овозлари унга алла айтаётгандек бўлаверди ва бошини партага қўйиб ухлаб қолди. Қаттиқ қўл ўқитувчи биринчи партада ўтирган Ботирни бир дақиқа ҳам ухлатмади ва уришиб тикка турғизиб, қўлига стул кўтарғизиб қўйди. Туни билан ухламаган Ботир тикка оёқда туриб ҳам мизғий бошлади ва қўлидан стул тушиб кетди. Бир томондан синфдошларининг кулгуси, иккинчи томондан ўқитувчиининг “директорнинг невараси, ўқитувчининг боласи ҳам шунақа бўладими?” деб уришиши унга қаттиқ тегди ва сумкасини қўлига олиб дарсдан чиқиб кетди. Биринчи марта ўқитувчиларига исён қилди. Ўқитувчи ҳам буни кутмагани аниқ эди.

Тўғри уйига келиб ухлаб қолган Ботир, мактабда ўқитувчилар хонасида ботаника ўқитувчиси онасини қанчалар изза қилганини билмас эди. Ботирнинг орқасидан биринчи бор гап эшитган онаси уйга хафа бўлиб келди ва ишлар қилинмаганини кўриб яна жаҳли чиқди. Ботирни уйқудан уйғотиб роса уришди ва негадир ўзи ҳам роса йиғлади. Балки Ботирдан умиди катта бўлган она ҳам безори бола бўлиб кетишидан қўрққан бўлса керак. Кечки овқатдан сўнг мактабда бўлган воқеаларни дадасига айтиб берган онаси негадир яна йиғлаб олди. Бундан Ботирнинг кўнгли яна ғашланди. Онаси дастурхонни йиғиб чиқиб кетганидан сўнг эса дадаси айтган бир оғиз гапи уни ҳеч қачон эсидан чиқмайдиган бўлди:

-Ўғлим Ботир. Мени яхшилаб эшит. Агар истасанг сигарет чекишинг мумкин. Мен сенга ҳеч қачон чекмагин демайман. Аммо билиб қўйгин бунинг ортидан келадиган кўнгилсизлик ва касалликлар фақат ўзингга эмас, ён-атрофингдагиларга, ота-онангга ҳам келади. Мана кеча битта сигарет чекканинг учун бугун нималар бўлганини бир ўзинг ўйлагин. Ўзинг мактабда қанча гап эшитдинг, дарсдан қочиб кетдинг, кундузи ўйнамадинг, дарс қилмадинг, онангни мактабда изза қилишди, уйда сен яна хафа қилдинг. Мени ҳам хафа қилдинг. Шу сенга ярашадими? Агар шу сенга ёқса, бемалол сигарет чекавер. Мен онангга ўзим айтиб тушунтираман. Бор энди кириб ёт жойингга.

Фарзандимиз билан самимий бўламиз (Манба: Depositphotos)

Шундан сўнг Ботир умуман сигарет чекиб кўрмади. Чекишни таклиф қилишганида эса ҳар сафар дадасининг гаплари қулоғи остида эшитилгандек бўлар эди.

Самандар эса сигарет чеккани учун яна 2–3 марта тарбия таёғини татиб кўрди, аммо “урсанг эти қотади” деганларидек бу унга таъсир қилмади. Катта бўлганида ҳам сигарет чекканинин кўрган Ботирнинг ҳаёлидан бир савол ўтир эди.

“Оталарнинг фарзандга берадиган тарбиялари ҳам икки ҳил бўлар эканда, мен дадамдек бўлармиканман?”

Бахтиёр Ғозиев