Қишда туғилган чақалоқлар улғайгач инсультга мойилроқ бўлишади

Қишда туғилган чақалоқлар улғайгач инсультга мойилроқ бўлишади

Пенсильвания (АҚШ) университетида ўтказилган янги тадқиқот натижаларига кўра, қиш фаслида туғилган чақалоқларда келажакда инсульт пойдо бўлиш хавфи юқорироқ экани аниқланган. Гап шундаки, бундай чақалоқларда оналари ҳомиладорлигининг биринчи триместри ёз ойларига тўғри келади ва бу фаслда ҳавонинг ифлосланиш даражаси юқори бўлади.

Тадқиқотчиларнинг яна аниқлашларича, куз фаслида туғилган болалар қандли диабетга камроқ чалинишар экан. Бунга сабаб эса ҳомиладорликнинг учинчи триместри ёзга тўғри келиши, бунинг оқибатида ҳомила ўз иммун тизимни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи D витаминини кўпроқ олишидир, деб ёзади The Daily Mail.

Мутахассислар АҚШ, Жанубий Корея ва Тайванда истиқомат қилувчи 10,5 миллион кишини таҳлилдан ўтказишган.

Тадқиқотнинг кўрсатишича, декабрдан мартга қадар туғилган чақалоқлар аритмияга мойилроқ бўлишган. Бу эса инсульт ривожланиши хавфини сезиларли даражада оширади. Кузда туғилганларда эса 2-турдаги диабет билан оғриш хавфи пастроқ бўлар экан.