Самарқандда рус тилида таълим берадиган учта боғча очилди

Самарқандда рус тилида таълим берадиган учта боғча очилди

Самарқандда нодавлат мактабгача таълим муассасалари очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилган «Зарафшон» нашри.

Газета ёзган маълумотларга кўра, Самарқанд шаҳридаги «Мингтут» маҳалласида 120 ўринли рус тилида таълим берувчи «Сказочная страна» нодавлат МТМ очилган. Шунингдек, «Лолазор 2» маҳалласида таълим рус ва ўзбек тилларида давлат талаблари асосида бериладиган «Умка Н» хусусий МТМ фаолиятини бошлаган. 70 ўринли болалар боғчасига аллақачон 15 нафар кичкинтой қатнашни бошлашган.

«Бундан ташқари, «Advantage Smart Kids» нодавлат мактабгача таълим муассасасида 35 тарбияланувчи таълим олишни бошлашган. «Сиёбча» маҳалласи ҳудудида жойлашган болалар боғчаси 70 ўринга мўлжалланган. Таълим рус тилида олиб борилади.

Самарқандда «Асалина-Гўзалина» нодавлат МТМ ҳам қайта рўйхатдан ўтиб, болажонларга ўз эшикларини очди. «Раҳматобод» маҳалласида жойлашган 70 ўринли боғчада 35 бола тарбияланмоқда», — дейилган хабарда.

Энди Самарқанд шаҳрида жами 12 та нодавлат мактабгача таълим муассасаси фаолият юритаётгани таъкидланган.

Давлат дастурига асосан Самарқанд вилоятида 2018 йилда жами 50 та нодавлат МТМ фойдаланишга топширилади.