Тезда тайёр бўлувчи бананли чизкейк

Тезда тайёр бўлувчи бананли чизкейк

Ёзда, болалар таътилда эканлигида, уларни хуштаъм пишириқлар билан сийлагингиз келади. Бироқ ярим кун хамири билан оввора бўлиш, куннинг қолган қисмини иссиқ духовка олдида ўтказиш унчалик хуш ёқмайди. Бугун биз жуда тез тайёр бўладиган ва ажойиб таъмга эга бўлган бананли чизкейкнинг рецепти билан бўлишмоқчимиз. Унинг хамири бор-йўғи беш дақиқада тайёр бўлса, духовкада 30 дақиқа вақт ўтказишига тўғри келади.

Зарур масаллиқлар:

– ёғсиз творог  — 500 грамм;

– яхши пишган банан — 5-6 дона;

– ун — 2 ош қошиқ;

– тухум — 1 дона.

Тайёрланиши:

  1. Творогни блендерда аралаштириб, сўнгра элакдан ишқаб чиқарамиз.
  2. Бананларни ҳам блендерда эзиб, сўнгра творог билан аралаштирамиз.
  3. Творогли аралашмага тухумни чақиб, унни элакдан элаб соламиз. Барчасини яхшилаб аралаштирамиз.
  4. Қолипни ёғлаб, бироз ун сепамиз. Творог ва бананли массани 180 даражагача қиздирилган духовкага солиб, 30 дақиқа пишириб оламиз.

Тайёрланиши жуда осон ва мазали чизкейк тайёр! Ёқимли иштаҳа!