Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани туғуруқхонанинг ўзида расмийлаштириш таклиф этилди

Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани туғуруқхонанинг ўзида расмийлаштириш таклиф этилди

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ФҲДЁда эмас, балки туғуруқхонанинг ўзида расмийлаштириш тартибини жорий этиш ҳақида мурожаат жойлаштирилди.

Унда айтилишича, ҳозирги кунда туғуруқхоналарда туғилган чақалоқларни қайд этиш гувоҳномаларини олиш бирмунча қийинчиликлар ва оворагарчиликларни юзага келтирмоқда. Чунончи, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш учун туғуруқхонадан тегишли маълумотномани олиб бир қанча йўл босиб, туман ФҲДЁ бўлимига боришга тўғри келади. У ерда дарров туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани қўлга киритиш амри маҳол, дейилади мурожаатда.

Қайд этилишича, соат 9:00да иш бошлайдиган ФҲДЁ бўлимида соат 7:00 дан бошлаб тумонат одамлар навбатда туради. Навбат етиб, 3-4 соат деганда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани қўлга киритасиз. Кейин эса туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани туғуруқхонага олиб боришга тўғри келади. Акс ҳолда туғуруқхонадан янги туғилган бола ва онасига уйига кетиш учун рухсат берилмайди. Шу сабабли амалдаги туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани бериш тизимини такомиллаштириш керак.

«Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ФҲДЁ бўлимида эмас, балки туғуруқхонанинг ўзида расмийлаштиришни таклиф қиламиз. Мазкур таклифнинг амалга оширилиши фуқароларга кўплаб қулайликлар яратилишига олиб келади», – дейилади мурожаат матнида.