Хурмо – ҳомиладорликнинг 1 уч ойлигида энг қимматли неъмат

Хурмо – ҳомиладорликнинг 1 уч ойлигида энг қимматли неъмат

Агар бўлғуси она олдиндан бошқаларни ўз режаларидан воқиф этмаган бўлса, ҳомиладорликнинг 1 триместрида қадди-қоматига қараб, ҳеч ким унинг ҳомиладорлигини била олмайди. Лекин бу муддатда болакай онасининг ҳис-туйғуларини тамоман «эгаллаб олган» ва унинг иштаҳасига таъсир ўтказишга улгурган бўлади.

Кичкинтой 1 триместр охирида бор-йўғи 6–8 см бўлади, лекин унинг энг муҳим барча аъзолари, бош мияси бўлимлари ва асаб тизими шаклланган. Ушбу муддатда гипофиз, яъни мия остидаги ўсишга таъсир кўрсатувчи ички секреция безлари тикланади ва у бевосита модда алмашинувига, бинобарин, болакайнинг баркамол ўсиб-ривожланишига таъсир кўрсатади. Айнан шу вақтда сиз таомномангизга қўшимча витаминлар киритишга эътибор беришингиз керак, яқинларингиз ҳам сизга хайрихоҳлик билдириб, энг сара ва мазали меваларни олдингизга тўкиб ташлашади.

Хурмо нимаси билан алоҳида қимматга эга

Аслида экзотик мевалар эмас, балки маҳаллий шароитда етиштириладиган мевалар кўпроқ фойдали ҳисобланади. Лекин ҳомиладорликнинг 1 триместри даврида хурмонинг қийматини баҳолаш қийин, зеро у фақатгина ширин мева эмас, балки бўлғуси кичкинтойнинг саломатлиги учун барча фойдали моддаларни ўзида тўлиқ жамлаган маҳсулотдир.

Масалан, ҳомиладорликнинг 8 ва 9 ҳафталарида фолий кислотаси ҳомиланинг энг муҳим ҳаётий заруратига айланади. Зеро, ирсият билан боғлиқ бўлган барча жараёнлар (кўзларнинг ранги, касалликлар, тананинг тузилиши) РНК ва ДНК молекулаларисиз амалга ошмайди, фолий кислотаси эса, ёки бошқача айтганда, B9 витамини айнан ҳужайра ва тўқималарнинг ажралиши ва ўсишида, бевосита кичкинтой миясининг орқа мия асаб найчаси шаклланишида иштирок этади.

Хурмо таркибида «B» гуруҳидаги витаминларнинг барча жамланмаси мавжуд, B9 витамини эса ҳар 100 грамм хурмода 19 мкг миқдорида бўлади. Албатта, фолий кислотаси бошқа янги узилган меваларда, кўкатларда ҳам учрайди, лекин агар ҳомиладорлик кузги-қишки мавсумга тўғри келиб қолса, сизга хурмодан бошқа мева мазкур кислота самарасини бера олмайди.

Таянч-ҳаракат аппаратининг ривожланишига минералларнинг кўплиги ёрдам беради, зеро айтиш керакки, хурмо ҳам организмни калий, кальций, фосфор ва темир моддалари билан тўлиқ таъминлайди. Умумий ҳисобда хурмода 12 та микро ва макроэлементлар, 15 та туз ва 23 турдаги аминокислоталар мавжуд бўлиб, улар ҳужайралар учун қурилиш материали вазифасини ўтайди. Зеро, бошқа кенг тарқалган меваларда бу моддани топиш жуда мушкулдир.

Бўлғуси авлоднинг ишончли ҳимоячиси

Хурмо таомномасида доимо ҳозиру нозир бўлган Шимолий Африка ва Яқин Шарқ мамлакатларида бу меванинг ажойиб хусусиятини тан олишади – уни болалар туғилишини рағбатлантирадиган маҳсулот деб ҳисоблашади. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, хурмо таркибида одамда мавжуд бўлган окситотсин гормонига ўхшаш моддалар мавжуд экан. Окситотсин туғруқ жараёнида бевосита иштирок этадиган гормондир. Лекин бу нарса хурмони фақат туғруқ вақтида истеъмол қилиш керак дегани эмас. Хурмо меваси гемоглобинни кўпайтиради, ҳазм қилиш жараёнларини яхшилайди, модда алмашинувини нормаллаштиради.

Яна шуниси қимматлики, хурмода А витамини мавжуд бўлиб, у гормонал тизимни меъёрга келтиради ва ҳомиладор аёлнинг иммунитетини оширади, бу эса аёлга ҳомилани охирги муддатгача бемалол кўтариб юриш лаёқатини беради. Зеро, кўпинча дастлабки муддатларда боланинг тушиб қолишига гормонал тизимдаги етишмовчилик сабаб бўлади. А, B ҳамда C витаминларининг жамланмаси вирус ва инфекцияларга қарши курашишга имкон беради.

Тиббиёт бу мева ва унинг бўлғуси оналар учун фойдаси ҳақида нисбатан яқин йиллар оралиғида қизиқиб қолди, ваҳоланки Қуръони карим бу ҳақда VI асрдан буён эслатиб келади.