Янги қарор лойиҳаси: етим болаларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади

Янги қарор лойиҳаси: етим болаларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг «Етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси эълон қилинди, деб ёзмоқда Kun.uz.

Ҳужжатга кўра, етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасаларига ҳамда академик лицейларга, шунингдек, касб-ҳунар коллежларига таълим-тарбияга берилган кундан эътиборан тўлиқ давлат таъминотида бўлади.

Белгиланишича:

тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болаларга ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга таълим бериш, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари билан таъминлаш, улар таълим муассасаларини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари сотиб олиш учун нафақа тўлаш билан боғлиқ харажатлар давлат таълим муассасалари фаолиятини таъминлаш учун тегишли йилга назарда тутиладиган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади;

академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уларнинг шахсий харажатлари учун ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида пул маблағлари тўланади.

Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олаётган тўлиқ давлат таъминотида бўлган етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни пул нафақалари ҳамда озиқ-овқат, кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ўқувчиларга улар умумтаълим мактаби ёки муассасани битираётганда, ишга қабул қилинаётганда кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари сотиб олиш учун бир йўла энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида, йўл харажатлари учун энг кам ойлик иш ҳақининг
5 баравари миқдорида битирув нафақаси берилади.

Агар ўқувчининг яшаш жойи у таълим олаётган умумтаълим мактаби ёки муассаса жойлашган жойдан 3 километрдан ортиқ масофани ташкил этса, ўқувчилар транспортда юриш карточкалари билан таъминланади.

Муассасада таълим олаётган васийликка (ҳомийликка), оилага тарбияга (патронат) берилган ўқувчилар вояга етгандан сўнг, уларга шахсий харажатлари учун муассасани тамомлагунларига қадар ҳар ойда энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида пул маблағлари бериб борилади.

Муассасада таълим олаётган вақтда етим бўлиб қолган, ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳомий тайинланади. Ҳомий тайинлашнинг имкони мавжуд бўлмаган ҳолларда, муассаса жойлашган ҳудуддаги туман (шаҳар) ҳокимининг қарори билан ушбу болаларга нисбатан улар таълим олаётган муассаса ҳомий этиб тайинланади.

Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори боланинг тўлиқ давлат таъминотида бўлган болалар тоифасига киришига асос ҳисобланади.

Ушбу тоифадаги ўқувчиларга битирув нафақаси берилмайди.

Муассасада ўқувчиларга ижтимоий таъминот ёрдами, транспортда юриш карточкалари ҳамда битирув нафақасини бериш юзасидан мурожаатларни ўрганиш бўйича доимий комиссия (кейинги ўринларда комиссия деб юритилади) тузилади.

Ўқувчиларга ижтимоий таъминот ёрдами, транспортда юриш карточкалари ҳамда битирув нафақасини бериш бўйича тегишли ҳужжатларни йиғиш ва расмийлаштириш ўқувчининг гуруҳ раҳбари ёки мураббийи (кейинги ўринларда гуруҳ раҳбари деб юритилади) томонидан амалга оширилади.

Ўқувчилар ижтимоий таъминот ёрдами, транспортда юриш карточкалари ҳамда битирув нафақасини олиш учун муассаса раҳбарига ариза билан мурожаат қилади.

Ўқувчига ижтимоий таъминот ёрдами, транспортда юриш карточкалари ҳамда битирув нафақасини бериш масаласини ҳал қилиш учун гуруҳ раҳбари томонидан комиссияга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) ўқувчининг аризаси;
б) туман (шаҳар) ҳокимининг ўқувчини давлат тарбия, даволаш-соғломлаштириш, тиббий-ижтимоий муассасаларга жойлаштириш ёки тўлиқ давлат таъминотига олиш ҳақидаги қарори нусхаси;
в) ўқувчининг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;
г) ўқувчининг етим болалар ва ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар:
ота-онасининг ўлими ҳақидаги гувоҳнома нусхаси ёки суднинг ота-онани вафот этган деб топганлиги тўғрисидаги қарори нусхаси;
ота-онасининг ёки бошқа қонуний вакилларининг қарамоғидан маҳрум бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;
д) кам таъминланган оила сифатида рўйхатда турувчи оила фарзанди эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (муассасада таълим олаётган даврида вояга етганлиги (ўн саккиз ёшга тўлганлиги) муносабати билан ҳомийликдан чиққан ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўхтатилган ўқувчилар учун талаб этилади).

Келиб тушган ҳужжатларни кўриб чиқиш натижаси бўйича ўқувчига ижтимоий таъминот ёрдами, транспортда юриш карточкалари ҳамда битирув нафақасининг берилиши ёки рад этилиши тўғрисида комиссиянинг қарори қабул қилинади ва таълим муассасаси раҳбари томонидан тасдиқланган баённома билан расмийлаштирилади.

Ўқувчига ижтимоий таъминот ёрдами, транспортда юриш карточкалари ҳамда битирув нафақаси комиссиянинг қарорига мувофиқ қабул қилинган муассаса раҳбарининг буйруғига асосан берилади.

Ўқувчига ижтимоий таъминот ёрдамини бериш нақд пул шаклида ёки уларнинг банк пластик картасига пул ўтказиш орқали амалга оширилади.

Ўқувчиларнинг хоҳишига кўра, ижтимоий таъминот ёрдамини олиш учун тўланадиган пул маблағларининг ўрнига унга тенг миқдорда кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмлари берилиши мумкин.

Транспортда юриш карточкалари йўловчи ташиш транспортларида (таксидан ташқари) юриш учун ойлик йўл чипталари жорий этилган ҳудудларда берилади.

Агар ўқувчи ўқийдиган туманда (шаҳар) ёки аҳоли пунктида бу турдаги карточка тизими бўлмаса, у ҳолда уларга жамоат транспортида юришлари учун белгиланган миқдорда нақд пул берилади.

Транспортда юриш карточкалари муассасаларнинг харажатлар сметасига ажратилган маблағлар ҳисобидан сотиб олинади.

Транспортда юриш карточкалари муассасалар томонидан йўловчилар ташиш транспорти хизматларини кўрсатувчи ташкилотнинг шахсий ғазна ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан харид қилинади.

Транспортда юриш карточкалари ўқувчиларга жорий ой тугашига камида икки кун қолганида тарқатилади.

Транспортда юриш карточкалари ўқиш даври учун берилади.

Ўқувчиларга битирув нафақалари бир маротаба, улар умумтаълим мактабини ёки академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда берилади.

Ўқувчи умумтаълим мактабининг 11-синфини битириб, ишга қабул қилинаётган бўлса, унга битирув нафақаси ўзи тарбияланган муассасасидан берилади.

Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини битираётган, ишга қабул қилинаётган ўқувчига битирув нафақаси ўзи таълим олган муассасаси томонидан берилади.

Агар ўқувчи умумтаълим мактабининг 11-синфини ёки академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини битириб, олий таълим муассасасига ўқишга кирган тақдирда, унга битирув нафақаси ўзи таълим олаётган олий таълим муассасасини битираётганда, ишга қабул қилинаётганда ушбу олий таълим муассасаси томонидан берилади.

Битирув нафақаси ҳар йили 1 сентябргача битирувчининг банк пластик картасига пул ўтказиш орқали ёки нақд пул шаклида берилади.

Битирувчи ўз хоҳишига кўра битирув нафақаси ўрнига унга тенг миқдорда кийим-бош, пойабзал ва бошқа ашёвий таъминот буюмларини олиши мумкин.