Саломатлик

Болалар кўп касал бўлишининг 7 сабаби

Кўп касал бўладиган бола ҳар қандай онани жуда оғир аҳволга солиб қўяди. Шифокор қабулига тинимсиз қатнашлар, яхши шифокор излаш, таҳлиллар, дори-дармонлар, касаллик таътилига чиқишлар ва ҳафталар давомида тўрт девор ичида қамалиб қолиш азоблари. Боланинг бундай тез-тез касал бўлишига сабаб нима?

Руҳий муаммолар

Улар психосоматик деб аталувчи ҳар хил касалликлар келтириб чиқариши мумкин. Стресслар, оғир кечинмалар, ҳаяжонли дақиқалар болалар иммунитетига кучли путур етказади.

Наслдан наслга ўтиш

Агар ота-она ҳаётининг кўп қисмини бурнида рўмолча билан ўтказган бўлса, боланинг тез-тез касалликка чалина бошлашидан ажабланмаса ҳам бўлади.

Ҳомиладорлик пайтидаги муаммолар

Баъзи маълумотларга қараганда, она қорнида ривожланишдаги муаммолар, ҳомиладорлик ва туғишнинг оғир кечиши, бўлғуси онадан ўтказилган инфекциялар ҳам янги туғилган чақалоқ иммунитетига зарар етказади.

Вақтидан олдин туғилиш

Агар гўдак муддатидан олдин туғилса, у ҳам тез-тез касалликка чалиниш хавфи бўлган гуруҳга киради.

Аллергия

Бунда боланинг айнан нимага реакцияси борлиги муҳим эмас. Тиббиёт ходимлари атопик дерматит, озиқ-овқатлар аллергияси, поллиноз, бронхиал астма ва бурун-халқум инфекцияларининг ҳаммаси учун битта ген жавоб беришини исбот қилди. У ҳам наслдан наслга ўтади.

Тўғри овқатланмаслик

Бола рационида витаминлар, оқсил, микроэлементлар, клетчаткаларнинг камлиги ёки у сунъий овқатлар билан боқилаётган бўлса, бу иммунитет учун из қолдирмасдан ўтиб кетмайди.

Нотўғри яшаш тарзи

Агар бола уйда ўтирса, камдан-кам сайрга чиқса, спорт билан шуғулланмаса ва тоза ҳавода фаол ўйинлар ўйнамаса унинг вирусга чалиниш хавфи юқорироқ бўлади. Жамоат транспортларида кўп юрадиган, ёпиқ жойдаги гуруҳлар ичида кўп шуғулланадиган, болалар боғчасига борадиган, турли хил тадбирларга ва одамлар тўпланадиган жойларга кўп қатнашадиган болалар ҳақида ҳам худди шуни айтиш мумкин.

Манба: Daryo.uz