Ҳомиладорлик

«Довучча егим келаяпти…» Нима егингиз келаётганининг фарзанд жинсига таъсири борми?

Мен

Ҳомиладорлик даврида фалон нарсани егинг келса ўғил, писмадон нарсага бошқоронғи бўлсанг, қиз кўрасан, деган гапларни кўп эшитганман. Шахсий тажрибамдан келиб чиқадиган бўлсам, бу гапларда жон бордек. Масалан, ўғлимга ҳомиладорлик пайтимда нуқул гўшт егим келарди. Токсикоз ҳам жуда енгил ўтган, рангим тиниқлашиб, чеҳрам очилиб, бир ҳуснимга ўн ҳусн қўшилганди. Буни ўша пайтлар тушган фотосуратларим ҳам тасдиқлаб турибди. Қизимда эса аксинча, токсикоз оғир кечди, уч ой ҳатто сув ҳам ичолмай, нуқул томчи дорилар билан кун кўрдим. Озиб-тўзиб, рангим қорайиб, сочларим тўкилиб, тирноқларим синиб, жуда хунуклашиб кетгандим. Мени кўрганлар қиз (қиз бўлгандаям, соҳибжамол) туғасан, дейишарди. Токсикоз ўтиб, ул-бул ея бошлаганимда эса нуқул ширинлик, мевалар, барра бодринг ва помидорли салатларга кўнглим суст кетди. Тахмин қилинганидек, чиройликкина қиз кўрдим. Аммо бу биргина ҳолат оламшумул назариянинг исботи учун камлик қилади. Шунга кўра, атрофимдаги таниш аёллардан, опа-сингиллар, дугоналардан ҳомиладорлик даврида нима егилари келганию, бунинг бўлажак бола жинсидан нақадар тўғри дарак бергани ҳақида суриштирдим.

Нафиса, икки ўғилнинг онаси, учинчисига ҳомиладор

Биринчи ҳомиладорлигимда нуқул гўшт егим келарди, ўғил кўрасан дейишди, ростдан ҳам ўғил туғдим. Иккинчисида эса янги узилган қулупнайга бошқоронғи бўлдим. Қишнинг чилласи эди, ҳеч қаердан топиб бўлмади. Қулупнайли мураббо, шарбат, йогурт, ҳатто совун, қоғоз сочиқчалар ва ювиниш воситалари ҳам хуморимни босолмади. Охири аллақаердан музлатилганини топиб келиб беришди, шу билан бироз тинчландим. Қиз бўлади деб ўйладик. Қаёқда! Яна ўғил. Аммо ўғилларимнинг иккиси икки хил табиатли. Тўнғичим ўт-олов, ерга урсангиз, кўкка сапчийди. Кичигим эса ювошгина. Учинчи сафар қиз бўлишидан умидимиз катта эди. Нуқул музқаймоқ ва тортлар егим келаяпти. Лекин ўтган ҳафта ультратовуш текширувидан ўтсам, яна ўғил деди. Ширинликка бошқоронғи бўлса, қиз туғилади деган гап тўғри ё нотўғрилигини болам туғилгач айтаман.

Олима, икки фарзанднинг онаси

Ўғлимга ҳомиладорлигимда фақат «кола» ичгим келарди. Зарарли дейишса ҳам бир кун ичмасам, ўлиб қоладигандек эдим. Қизимда эса тарвуз, олма ва қурутсиз куним ўтмайдиган бўлиб қолди. Чиндан ҳам, нимага бошқоронғи бўлганингга қараб ким туғилишини аниқласа бўлади, шекилли.

Фазилат, тўрт қизнинг онаси

Айтишларича, ҳомиладор бўлиш арафасида эр-хотин қаттиқ руҳий зарба олса, ким биландир уришиб, асабийлашса, қиз туғиларкан. Буни олимлар аниқлашибди. Аммо мен қизларимни яхши ният билан Худодан тилаб олганман. Чунки турмушимизнинг илк етти йилида бефарзанд эдик. Тўрт қизимда тўрт хил нарсага бошқоронғи бўлганман. Тўнғичимда довучча, иккинчимда қовурилган товуқ, учинчимда ҳандалак, тўртинчимда эса газланган минерал сувга эҳтиёжим баланд бўлди.

Мастура, икки қизнинг онаси, учинчисига ҳомиладор

Хамирли овқатларга ўч бўлсанг қиз, гўштли таомлар егинг келса, ўғил туғилади, дейишганди. Тўнғичимда сомсахўр бўлганимни шу гапларнинг исботига йўйиб, иккинчимда кабоб егим келса, роса хурсанд бўлгандим. Эрим ҳам ҳар икки куннинг бирида кабоб кўтариб келарди. Аммо Яратганнинг ишларига аралашиб бўлмас экан, яна қиз кўрдик. Учинчи ҳомиладорлигимда музқаймоқ егим келганини аввал эримга айтишга қўрқдим. Яна қиз экан деб хафа бўлишини истамадим-да! Аммо яширинча музқаймоқхўрлик қилиб юрганимни билиб қолиб, мендан хафа бўлди. «Ўғилми, қизми, пушти камаримдан бўлган фарзандим, боланинг кўнглини ҳалитдан ўкситма» деб, ўзи ҳар куни музқаймоқ олиб келади. Кеча ультратовуш текшируви ўғил кўрсатди! Бошимиз осмонда!

Наргиза, бир ўғилнинг онаси

Ҳомиладорлигимда нималар егим келмади дейсиз. Биринчи уч ойда ҳеч нима ея олмадим. Кейин довуччага дилим кетди. Эрим шўрлик ярим кечаси қўшнининг томига тирмашиб узиб тушган бир ҳовуч довуччадан биттагинасини еб, тескари бурилганимни кўриб, йиғламоқдан бери бўлгани эсимда. Сўнг шафтоли егим келди, мавсум бўлмаса-да топиб келишди. Кейин гамбургерга ўтдим, охирги ойда эса фақат шўр бодрингни қўмсайман денг. Аксига олиб, охирги ҳафталарда шўр ейиш мумкин эмас. Хуллас, бир амаллаб боламни бағримга босдим. Ҳозир тўрт яшар бўлган ўғлимиз овқатга шунақанги инжиқки, бир нарсани едириш амри маҳол.

Аслида бирон нарсага бошқоронғи бўлишнинг илмий изоҳи бор: ҳомила ўз ривожланишида етишмаётган моддани у ёки бу табиий маҳсулот кўринишида талаб қилади. Масалан, калий зарур бўлса, банан, кальций учун қурут, оқсиллар керак бўлса, гўшт ва ҳ.к. Лекин аёлларга биргина илмий изоҳнинг ўзи камлик қилади. Айниқса, чор атрофимизда биз ишонган (ёки ишонишни истаган) иримлар кунда-кунора ўз ҳаётий тасдиғини топиб турганда. Демак, ҳомиладорликда нима ейишимиз туғилажак фарзанд жинси билан боғлиқлиги ҳақидаги гапларда жон бор. Чунки биз бунга ИШОНАМИЗ!

Шаҳина тайёрлади

Манба: Darakchi.uz