Биласизми?

Мактаб бозорларида ноқонуний чоп этилган дарсликлар сотилмоқда

Мактаб бозорларида дарсликларни ноқонуний чоп этиб, сотувга чиқариш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу ҳақда Матбуот ва ахборот агентлиги хабар беради.

Бу ўз навбатида, билим олиш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. Ўқув дарслиги сифатида тақдим этилган китоблар ҳаддан ташқари кичик форматда, имловий ва услубий хатолар билан, сифатсиз қоғозларда чоп этилмоқда. Бундай контрафакт маҳсулотлар «Солнечний» («Илм шуъласи») бозоридан вилоятларга машина-машина қилиб ташиб кетиляпти.

Бозорларда шунингдек, чизсанг йиртилиб, бўясанг ранглари чаплашиб кетадиган расм дафтарлари, катак ва ёзувларини кўз базўр илғайдиган, муқовасида миллий маънавиятга мутлақо зид турли суратлар акс этган дафтарларни ҳам учратиш мумкин.

Шу боис Матбуот ва ахборот агентлиги Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси ва бошқа ташкилотларни ҳамда жамоатчиликни мазкур муаммони бартараф этишда ҳамкорликка чорлайди. Амалдаги қонун ҳужжатларига чап бераётган бу каби «тадбиркор»лар фаолиятини тартибга солиш, уларга нисбатан кескин таъсир чораларини қўллашни асло кечиктириб бўлмайди. Зеро, ушбу муаммо ёш авлод тақдири, унинг эртанги куни билан бевосита боғлиқ.