Тарбия

Ота-оналарнинг бола ривожланишига халақит берувчи 10 та хатоси

Ҳар биримиз фарзандимизнинг ҳамма томонлама ривожланиши учун тинмай ҳаракат қиламиз, бунинг учун кучимизни ҳам, маблағимизни ҳам аямаймиз. Шу билан бирга боланинг бир зайлда тўғри ривожланишига монелик қилувчи хатоларга йўл қўямиз. Шу хатоларнинг 10 тасига эътиборингизни қаратмоқчимиз.

  1. «Мумкин эмас»ни жуда кўп айтиш

Асоссиз айтилган ҳар бир тақиқ боланинг атрофдаги оламга бўлган қизиқувчанлигини пасайтиради ва билим олишига халақит беради.

  1. Болани ўз ҳолига қўймаслик

Болани бўш вақтида ўзимиз хоҳлаган машғулотлар билан банд қиламиз. Натижада болада ташаббускорлик ва мустақил фикрлаш қобилиятлари ривожланмай қолади.

  1. Жисмоний жазони қўллаш

Мутахассислар болани тез-тез жисмоний жазолаш унинг ривожланишда орқада қолишига сабаб бўлишини исботлашган.

  1. «Катталар иши»га аралашмасликни талаб қилиш

Масалан, бола нега кайфиятимиз йўқлиги ёки нима учун йиғлаганимиз ҳақида сўраганида, яхшиси, унга бола тушунадиган тилда вазиятни тушунтирганимиз маъқул. Бу нарса болада ҳис-туйғулар ва ҳамдардлик ҳақида тушунча пайдо бўлишига ва унинг эмоционал ўсишига  олиб келади.

  1. Болани оламдаги барча нарсадан ҳимоя қилиш

Уйда ўта хавфсиз ва стерил шароитни яратишимиз, ташқи муҳитни бола учун янада хавфли қилиб қўяди. Шунинг учун болани бироз эркин қўйиб, унинг ташқи олам билан тўлиқ танишишига имкон беришимиз керак.

  1. Болани кўп ва ортиқча мақташ

Ҳар бир иши учун мақтайверишимиз боланинг янги ютуқларга эришиш истагини йўқотади, ишнинг натижаси эмас, бизнинг эмоционал реакциямиз муҳим бўлиб қолади.

  1. Мустақил қарор қабул қилишига йўл қўймаслик

Ҳамма қарорни бола учун ўзимиз қабул қилаверишимиз унинг мустақил одам бўлиб вояга етишига халақит беради. Оддий масалаларда боланинг ўзи бир қарорга келишига рухсат бериш зарур.

  1. Барча истакларини сўзсиз тушуниш

Боламизнинг  нима хоҳлаётганини унинг кўз қарашидан билиб олишимиз мақтовга лойиқ. Лекин бир ёшдан кейин бола истакларини сўз билан тушунтиришга ҳаракат қилиши керак. Бу унинг нутқини ўстиради.

  1. «Катталарнинг буюмлари»га тегинишни тақиқлаш

Бундай буюмларга сизнинг назоратингиз остида тегиниши хавф туғдирмайди, ижодий қобилиятларининг ўсишига ёрдам беради.

  1. Боланинг кучи ва имкониятларига ишонмаслик

Бола ҳали гапиролмайди, лекин эшитган қўшиғини ўзича «куйлаяпти» ёки бир ёшга кирмасдан ҳарфларга қизиқа бошлаяпти ва ҳоказо. Бундай пайтларда эътиборсизлик қилмасдан, боладаги бу қизиқишларни янада ривожлантиришга ҳаракат қилсак, унинг келажакда катта ютуқларга эришишига ҳисса қўшган бўламиз.

Манба: Daryo.uz