Боғча ёши

Фарзандини болалар боғчасига беришга қарор қилган оналар учун фойдали маслаҳатлар

Фарзандингизни болалар боғчасига беришга қарор қилдингизми? Табиийки сизда бир қатор саволлар юзага келади: Бир ўзини у ерда қандай қолдираман, ахир боғча бола учун бутунлай нотаниш-ку? Боғчада менсиз қандай юради?

Фарзандингизни илк бор боғчага олиб борганингизда унинг ҳар қандай реакциясига тайёр бўлишингиз, ўзингизни қўлга олиб, хотиржамликни сақлай олишингиз лозим.

Кичкинтойларни боғчага беришдан аввал уни бу янгиликка аста-секинлик билан тайёрлаб бориш керак бўлади. Унга боғчада ўзини қандай тутиши лозимлигини сўзлаб беринг. Унга нисбатан "йиғлоқи", "мени шарманда қилма", "хархаша қилма" каби сўзларни ишлатманг. Ота-онанинг сўзларига қараб, боланинг ўзига нисбатан баҳоси шаклланади.

Боғчага беришнинг дастлабки кунларида уни кун бўйи у ерда қолдирманг. Дастлаб уни шароитга мослаштириш учун 30 дақиқадан бошлаш мумкин. Кейин аста-секинлик билан муддатни узайтириб бориш лозим.

Психологик мослашиш

Сиз боғчани тарк этганингиздан сўнг, бола қўрқувни ҳис қилиши мумкин. Шу сабабдан боғчага боришдан аввал унда фақат ижобий таассуротлар уйғотишга интилинг. У ерда турли қизиқарли ўйинлар ўйнаши, янги дўстлар орттириши, сайр қилиши мумкинлигини тушунтиринг.

Жисмоний мослашиш

Бола жисмоний мослашиши учун уни чиниқтиринг, ҳаво ванналари, тоза ҳаводаги сайрлар сонини кўпайтиринг. Жуда кўп кийимларга ўраб ташламасликка ҳаракат қилинг. Тегишли эмлашларни олишингиз мумкин.

Иммунитет

Фарзандингиз иммунитетини мустаҳкамланг, тўғри овқатланиш тарзини таъминланг. Агар зарурат бўлса витаминлар ичиринг. Шунингдек, фойдали витаминларга бой мева ва сабзавотлар ҳақида унутманг. Болангизда шамоллаш аломатлари бўлса, уни боғчага беришга шошилманг. Мослашишнинг дастлабки даврида боладаги ҳаяжонланишлар ва стресслар таъсирида иммунитети пасайиши мумкин. Бироз вақтдан кейин унинг организми нотаниш микроб муҳитига қарши туришни ўрганади.

ovqatlanish

Овқатланиш ва болалар боғчаси режими

Мактабгача таълим муассасасига олдиндан бориб, у ердаги меню билан танишиш мақсадга мувофиқдир. Агар у ернинг таомларидан бир нечтасини болангизга тайёрлаб берсангиз, унинг овқат ҳазм қилиш тизимида кўникма ҳосил бўлишига ёрдам беради.

Режим ҳам муҳим аҳамиятга эга. Болани эрта туриш, вақтида ухлаш ва вақтида овқатланишга ўргатиш керак.

Бола биринчи марта боғчага борганда энг қийини хайрлашиш жараёнидир. Бу ҳолатда асқотиши мумкин бўлган бир нечта маслаҳатлар:

- хайрлашиш жараёнини чўзиб юборманг;

- зинҳор йиғлаб юборманг, агар фарзандингиз сизнинг хафалигингизни кўрса, ундаги қўрқув янада ошади;

- бола сизни кўрмай турган вақтда кетманг, акс ҳолда у сизни алдашда гумон қилиб, сиздан узоқлашмасликка ҳаракат қила бошлайди;

- унга жаҳл қилиб кетманг ("Тинчлан дедим, сенга!", "Ҳозироқ бас қил!", "Энди мендан кўрасан!" ва ҳ.о.);

- хайрлашаётиб унга кулиб қаранг;

- агар боланинг онаси билан ажралиши жуда қийин кечса, бир неча кун бирор яқин қариндошдан болани боғчага олиб боришни илтимос қилиш мумкин.

Мақолани тайёрлашда "All4girls.ru" сайти маълумотларидан фойдаланилди.