Мактаб ёши

Биринчи қўнғироққа тайёрмисиз?

Ҳадемай таътил тугайди, ўқувчилар учун ҳам, уларнинг ота-оналари учун ҳам! Мактаб бозори авжига чиққан, ҳамма янги ўқув йилига тайёргарлик кўрган. Биз ҳам ушбу долзарб мавзуни четлаб ўтолмаймиз, албатта. Қуйида янги ўқув йилини маълум ўзгаришлар билан қарши олаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига маслаҳатларимиз бор.

1. Болангиз биринчи синфга бораяпти. Бу йил кичкинтойингиз илк бора мактабга қадам қўяди. Қувончу ҳаяжони бир олам. Олдинда уни қанчадан- қанча янгиликлар кутаяпти. Мактаб формасини аллақачон олиб қўйгандирсиз. Ўқув қуроллари бу йил сизга текин. Эндиги вазифангиз болани мактабга руҳан ва жисмонан тайёрлаш. Бугундан бошлаб уни эрталаб барвақт туришга ўргатинг, яъни кун тартибини шунга мосланг. Бир жойда қимирламай 45 дақиқа ўтириш осон эмас, бунга ҳам аста-аста ўргатиб боринг. Яна боланинг хотирасини чархлаш учун шу кунларда унга кўпроқ ёдлатинг: бу карра жадвал бўладими, қувноқ шеърми ёки топишмоқми – фарқи йўқ. Асосийси, фойдали нарса бўлсин. Чархланган хотира маълумотларни осон қабул қилади. Сизни ва фарзандингизни олдинда унутилмас ва ажойиб дақиқалар кутяпти...

2. Фарзандингиз мактабини ўзгартирди. Шароит тақозосига кўра мактабини ўзгартиришга тўјри келди. Аввало, бу ўзгаришлар адекват, яъни болага мос бўлсин. Айрим ота-оналар ўзбек тилида таълим олиб турган болани бирданига чет тилида таълим бериладиган мактабга ўтказишади. Ёки оддий мактабда ўқиб юрган ўқувчини тўсатдан мусиқага ихтисослашган мактабга беришади. Албатта, унга осон эмас. Ҳатто, ёз бўйи фарзандингизни репетитор ёрдамида тайёрлаган бўлсангиз ҳам. Умуман, мактабни ўзгартиришнинг ўзиёқ унинг учун катта стресс. Уни ҳозирданоқ руҳан қўллаб-қувватланг. Янги ўқитувчи билан дарслар бошлангунча танишиб, болангизни ҳам таништириб қўйинг. Иложи бўлса, ота-оналар қўмитаси раиси билан ҳам танишинг, синфнинг ўзига хослиги, у ердаги муҳит, муаммоли ва аълочилар ҳақида маълумот олинг. Токи дилбандингиз мактабга керакли маълумотлар билан қуролланиб борсин. Илк кунларда ўзини бироз йўқотиб қўйиши мумкин. Бундан хавотир олманг. Муҳими, ўқитувчиси ва синфдошлари билан алоқа бојлаб олса бўлгани. Бола қанчалик ёш бўлса, ўзгаришларга шунчалик тез кўникади. Ўсмир ёшдагилар билан бироз қийинроқ, лекин бунинг ҳам давоси вақт. Асосийси, фарзандингиз муҳим сабоқ олаяпти – янги жамоага қўшилиб, кўникиб кетиш сабојини. Келажакда бу тажриба унга жуда керак бўлади.

3. Куннинг иккинчи ярмида мактабга боради. Энг асосий муаммо – кун тартибининг ўзгариши. Энди у барвақт турмайди, эрталаб истаганча ухлаши мумкин. Дарсларни ҳам кечқурун эмас, кундузи тайёрласа бўлади. Аммо шунча имтиёзларга қарамай кун тартибининг ўзгариши болаларнинг ўқишига таъсир кўрсатмай қолмайди. Энди у дарсларни мактабдан келган заҳоти тайёрламай, кейинга суришга ҳаракат қилади. Бу – чатоқ. Чунки дарслар ўша куниёқ такрорланса ва кейин уйқуга кетилса, мияга яхшироқ ўрнашади. Лекин кун бўйи ўқиган болани кечқурун дарс қилдиришга кўндириш қийин. Сиз уй вазифаларни иккига тақсимланг: ёдланадиганлари ўша куниёқ, ёзиладиганлари эртасига. Чунки кечқурун ёдлангач, эрталаб такрорлаш керак бўлади. Айни кунларда кун тартибини ўзгартиришга тайёрлаб боринг, вақтида ётсин, вақтида турсин, ярим кечагача телевизор кўрмасин.

4. Фарзандингиз ўтган йили фанларни яхши ўзлаштиролмаган эди. Муаммоингиз юқоридагилардан жиддийроқ-ку, аммо ваҳима қиладиган жойи йўқ. Фарзандингиз ўтган ўқув йилида фанларни яхши ўзлаштира олмаган бўлса, албатта, ёз ойларида у билан қўшимча шујуллангансиз. Лекин мактабга беш кун қолганда энди уни тинч қўйинг. Яхшилаб ухласин, ўйнасин, ҳордиқ чиқарсин. Бўлмаса, шунча ҳаракатингизга қарамай, дарсларни яна ўзлаштиролмай қолиши мумкин. Яна бир жиҳат: болада ўзига нисбатан ишончни шакллантириш. «Бу йил катта бўлиб қолдинг, шунча тайёрландинг, энди албатта яхши ўқийсан. Лекин мабодо бирон нарса ўхшамай қолса ҳам, биз, барибир, сени яхши кўрамиз», – денг. Ўқитувчисига ҳам бу йил фарзандингиз алоҳида тайёргарлик билан келганини айтинг, токи унга яна имкон берсин.

Манба: Darakchi.uz