Боғча ёши

Болалар майдончасида она ўзини қандай тутиши керак?

Ҳар бир она эртами-кечми ўз фарзандини болалар майдончасига олиб боради. Бир ярим яшар гўдакка арғимчоқларни шунчаки узоқдан кўрсатмайсиз, балки анча катта бўлиб қолган болага уларда учишга рухсат берасиз.

Майдончада она ўзини қандай тутиши керак?

Шу пайтгача фарзандингизни аравачага ётқизиб қўйиб, бемалол соя йўлаклар бўйлаб сайр қилган, бола ухлаб қолганида йўл четидаги ўриндиқда ўтириб, маза қилиб журнал ўқиган бўлсангиз, энди майдонча бўйлаб фарзандингизнинг ортидан юришингизга тўғри келади. У гоҳ бировнинг бошидан қум сочиб юборса, гоҳ зиналардан йиқилиб тушади ёки арғимчоқлар остига бораверади.

  1. Доим фарзандингизни кузатинг ва унинг сайр-томошасида фаол қатнашинг

Газета ўқиб, ўриндиқда жимгина ўтираман, деб ўйламанг. Болангизни арғимчоқда учиринг, биргаликда қумдан шакллар ясанг. Шунингдек, кимдир уни хафа қилишга уринса, ёки у кимгадир ҳамла қилиб қолса, сизнинг иштирокингиз зарур бўлади.

  1. Бегона болаларни ёмонлашдан ўзингизни тийинг

Тўғри, бегона болалар баъзан кишининг жиғига тегади. Аммо уларнинг ўз ота-онаси бор, ахир сизга ҳам ўзингизга қаратилган танбеҳни эшитиш ёқмаса керак? Бунинг устига, болангизга бошқаларни ғийбат қилишни ўргатманг, бу яхши иш эмас.

  1. Ҳар қандай фавқулодда вазиятга тайёр туринг

Болалар кўпинча муштлашиб, бирон жойини қонатиши, бошини ёриб олиши, арғимчоқдан йиқилиши мумкин. Шу туфайли ўзингиз билан бинт, пластир, бриллиант яшили, оғриқни қолдирувчи воситалардан иборат кичик аптечка олиб юринг.

  1. Болангизга ҳаракатланаётган арғимчоқларга яқинлашишга рухсат берманг

У фақат қўлингиздан ушлаб бориши мумкин — шу нарсани унга қоида сифатида тушунтиринг. Бегона бола у ерга югуриб кетганини кўришингиз билан, онасига бу ҳақда билдиринг. Баъзан эса тезкорлик билан ҳаракат қилиб, уларни тутиб қолишингизга тўғри келади.

  1. Бировнинг ўйинчоғи — бировники

Ушбу олтин қоидани болага ёшлигидан сингдиринг. Шунда сиз “Бер!” ёки “Шуни хоҳлайман!” деган жанжаллардан нари юрасиз. Болага ўзининг ўйинчоғи қайси-ю, бировники қайсилигини тушунтиринг, одоб билан илтимос қилиб, ўйинчоқ алмаштиришга ўргатинг.

  1. Майдончага олиб чиқадиган ўйинчоқларни ажратиб қўйинг

Болалар майдончасига олиб чиқилган ўйинчоқлар омон қайтмайди: қўғирчоқларнинг сочи юлинади, машиналарнинг ғилдираги йўқолади. Шу туфайли бунинг учун оддийроқ ўйинчоқларни танланг. Аммо ўйинчоқ йўқолса, болангизни ҳеч ҳам айбламанг.