Саломатлик

Эҳтиёт бўлинг - Гелминтоз!

Агар кўпчилик болаларнинг юзига диққат билан назар ташланса, уларнинг аксариятида турли катталикдаги доғларга кўзимиз тушади. Бу доғлар танасининг бошқа жойларида ҳам бўлиши мумкин. Шунингдек, айрим болалар инжиқ, рангпар, нимжон, иштаҳасиз бўлишади. Бу шунчаки инжиқлик эмас, балки айнан гижжаларнинг иши ҳисобланади. Манбаларда қайд қилинишича, ҳозирги кунда гижжаларнинг 270 дан ортиқ тури мавжуд бўлиб, йер юзида жуда кенг тарқалган. Бизнинг юртимизда уларнинг 40 тури паразитлик қилади. Гелминтозлар, яъни гижжа касалликлари, айниқса, болаларнинг соғлом ривожланишига салбий таъсир кўрсатади.

      52 Мухбиримизнинг олий тоифали шифокор, уролог-жарроҳ Алижон Фақиров билан суҳбати гелминтоз хасталикларини даволаш хусусида бўлди.

САВОЛ – Бугун аҳолимиз гижжалардан даволаниш мақсадида турли воситаларга мурожаат этишади. Лекин натижа ҳар доим ҳам кўнгилдагидек эмас. Шифокор сифатида сиз қандай маслаҳат берасиз энг мақбул даво чораси қайси?

ФАҚИРОВ- Бугунги кунда ҳар бир гижжа, ҳар бир паразитга индивидуал таъсир кўрсатадиган дори воситалари ишлаб чиқарилмоқда. Масалан, охирги йилларда зентел препарати ишлаб чиқарилаяпти. Зентел препарати ёки албиндазолни 4-5 ёшгача бўлган болаларга 200 миллиграмм бир кунда, агар 6 ёшдан катта бола бўладиган бўлса, катталар қаторида, яъни 400 миллиграмм кунига қабул қилиши керак.

Агар беморда энтеробиоз бўладиган бўлса, организмни тозалаш учун бор-йўғи 2-3 кун йетарли бўлади.

Сал мураккаброқ, кетиши қийин бўладиган гижжалар, масалан, пакана гижжага 5-6 кун қабул қилиш керак бўлади.

Аскаридозга ҳам худди шундай. Фақатгина бу дори воситасини қабул қилганда йетарли миқдорда суюқлик ичиш зарур. Чунки, организмда ортиқча йиғилиб қолмасдан, пешоб билан чиқиб кетиши керак.

Шунингдек, жигарни ҳимоя қилувчи бирон дори билан қўшиб қабул қилган маъқул. Агар мабодо лямблиоз бўладиган бўлса, 5-6 кундан ортиқроқ муддатда қабул қилишга тўғри келади. Чунки, лямбля кетиши бироз қийин кечади. Ўт йўлларига ҳам ўрмалаб киради, ўт қопида яшайди. Шунинг учун уларни ҳайдаб чиқариш ва нобуд қилиш қийинроқ бўлади.

>Эхинококкоз бўладиган бўлса, бундай беморларга биз ҳаттоки, бир ойлаб буюрамиз, албатта, жигарни ҳимоя қилувчи дори воситаларини қўшган ҳолда.

Савол – Шу ўринда яна бир масалага тўхталиб ўтсангиз. Ҳозирги кунда кўплаб табиблар ва хусусий клиникалар томонидан “биз ҳар қандай гижжани туширамиз”, “клизма қилиб гижжалардан фориғ этамиз”, дея отнинг калласидек ҳаражатлар эвазига ўз хизматларини тавсия этишади. Уларга қанчалик ишониш мумкин? Умуман бола организми учун клизманинг зарари йўқми?

ФАҚИРОВ - Аввалам бор, таҳлил ўтказиш керак. Мен, шифокор сифатида уларга ишонмайман. Давлатимиз томонидан болалар учун бепул қилиб қўйилган таҳлил усулларимиз бор. Хусусан, Тошкент Тиббиёт академияси, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти ҳамда Республика Ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий маркази клиникалари лабораторияларида сидқидилдан ишлашади, таҳлил натижалари тўғри, аниқ чиқади ва мен бирор марта нотўғри ҳолат бўлганини кўрмаганман.

Иккинчидан, айнан шифокорнинг маслаҳати билан дорихоналардан олинадиган дори воситалари самарали ва нархи ҳам арзон.

Мен атайин ҳисоблаб кўрдим. Бор-йўғи ўн минг, ўн беш минг сўмлик дори воситаси билан аскаридозни ҳам туширса бўлади, икки-уч минг сўмлик дори билан энтеробиозни ҳам туширса бўлади. Беш юз ёки бир миллион сўм тўлаб, клиникага бориб, клизма қилдириб, ётиш шарт эмас.

САВОЛ - Ҳуқна, яъни клизма қилиб, гижжалардан наҳотки, халос бўлиш мумкин эмас? Охирги вақтларда геминтоз касалликларини шу йўл билан даволаш ҳолатлари тез-тез қулоққа чалиниб турибди-ку.

ФАҚИРОВ - Бу анатомияга мутлақо зид нарса. Мен ҳар қандай клиниканинг раҳбари билан бу масалада баҳслашишга тайёрман. Инсон шундай яратилганки, озиқ-овқат фақат тепадан пастга битта йўналиш бўйича ҳаракатланади, орқага қайтаман, деса ҳам қайта олмайди, чунки, клапанлар бор. Инсоннинг ингичка ичаги билан йўғон ичаги ўртасида Баугиен тўсиғи бор. Бу тўсиқ овқатни фақатгина бир томонлама ўтказишга мўлжалланган.

cleansing-1024x768-300x225

Агар клизма билан гижжани тушираман деса, бу ғирт ёлғончилик! Баъзилар клизма қилинадиган суюқликка саримсоқ қўшиб қилишадимией, яна баъзилар “доривор ўсимликлардан қўшиб гижжани туширдим”,- дейди. У баугиен тўсиғигача боради. Йўғон ичакнинг узунлиги одамда бор-йўғи бир метр. Боринг ана катталарда биру йигирма, болаларда олтмиш-йетмиш сантиметр. Шунчагина қисм тозаланиши мумкин. Суюқлик баугиен тўсиғигача боради-да. Ундан у ёғига тўсиқ мутлақо ўтказмайди. Гижжаларнинг аксарият қисми эса ингичка ичакда, ўн икки бармоқли ичакда, ён бош, оч ичакда яшайди. У жойга клизма йетиб бормайди. Шунинг учун ҳеч қачон бу тавсияга ишониш керак эмас.

САВОЛ-Демак, ташхис қўйиб, гижжанинг турини аниқлаб, кейин сиз айтган дори воситаларини қўллаш энг мақбул ёндошув, шундайми?

ФАҚИРОВ - Албатта. Дори воситасини қўллаб, 10-15 кундан сўнг яна қайта таҳлилдан ўтиш керак. Қани, дори воситаси қанчалик даражада самара берди экан, деб. Мен бугунги кунда ҳамма дорихоналардаги дори воситаларининг сифати ҳам талабга жавоб берадиган даражада, деб айта олмайман. Фалон дорихонада қалбаки дори воситаси бор, деб ҳам айта олмайман. Лекин, одамлар албатта, эҳтиёт бўлгани маъқул.

Қалбаки дори воситаларини ҳақиқийсидан ажратиб олиш йўллари бор. Ишлаб чиқарилган дорининг қутисида яроқлилик муддати ўйиб ёзилган бўлса, бу ҳақиқий дори воситаси ҳисобланар экан. Компютер билан ёзиб қўйиш жуда ҳам осон. Ўйиб ёзишнинг уддасидан чиқиш эса қийин. Иккинчидан, ҳар бир дори воситасининг ўзига хос ҳиди бўлади.

Масалан, хапдори, яъни таблетка очганимизда уваланиб кетмаслиги керак. Уваланиб кетдими, демак, қалбаки бўлиши эҳтимоли жуда юқори. Ундан ташқари дори воситаларининг ҳақиқийлигини аниқлаб берувчи галограммалар қўйиб чиқарилаяпти. Бу томонига ҳам эътибор бериш керак. Яна айрим дори воситалари ҳақида айтиб ўтилса, Ҳиндистондан яқинда жуда яхши дори воситаси келтирилди. Ўзбекистонимизда ҳам чиқарилаяпти, деб эшитдим. Бу глистагон препарати. Мен беморларимга қўллаб қўрдим. Иккита дори воситаси бир-бирига уйғунлаштирилган. Жуда кўплаб беморларга ёрдами тегди. Кучли кимётерапия ҳисобланади, лекин, асорат бермаслиги учун йетарли миқдорда суюқлик ичиш керак ва, албатта, жигарни ҳимояловчи препарат билан қўшган ҳолда, албатта.

САВОЛ- Жигарни ҳимояловчи дори воситаларининг қайсиларини тавсия қиласиз?

ФАҚИРОВ- Жигарни ҳимоялашда биринчи навбатда поливитамин препаратлар, шунингдек, наъматак, ширинмия илдизи дамламаларидан фойдаланиш керак. Бундан ташқари халқ табобати асосида ўзимизда ливермакс дори воситаси ишлаб чиқарилмоқда. Мен жуда ҳам самарали қўллайман ушбу препаратни. Шунингдек, гепанорм препарати ишлаб чиқарилаяпти. Айнан бу бизларга Ҳиндистондан келтирилаётган апкасул ёки лив-52 деган жигарни ҳимояловчи дори воситаларига ўхшаб кетади. Ўзимизнинг хом ашёдан ишлаб чиқарилган. Жигарнинг ҳужайраларини жуда ҳам яхши ҳимоя қилади.

Хулоса ўрнида: Баъзилар таниш-билишларининг маслаҳатлари билан ўз билганларича болаларини гижжага қарши даволашади. Бу мутлақо мумкин эмас!

>Энг биринчи навбатда гелминтларнинг тури аниқланиб, ташхис қўйилиши лозим. Кейин эса мутахассиснинг тавсияси асосида ўзига хос даволаш муолажалари қўлланилади.

Гелминтлар профилактикасида шахсий гигиена, озодаликка ниҳоятда эътиборли бўлиш ва қатъий риоя қилиш муҳимдир.

Тирноқларни калта қилиб олиш, овқатланишдан олдин қўлни совун билан обдон ювиш шарт.

Полизда, боғда ишлаш вақтида ҳар турли нарсаларни оғизга солишдан сақланиш керак. Чунки, гелминтозлар аксарият ҳолларда ифлос қўллардан юқадиган касалликдир. Хоналар ва жиҳозлар ҳар доим ювиб, артилиб, ҳовлилар тозаланиши зарур. Боиси, гижжа тухумлари чанг билан бирга нафас йўлларига ҳам тушиши мумкин.

Сувни фақат қайнатиб ичиш талаб этилади.

Кўпинча мева-сабзавотлар тупроқ билан ифлосланган бўлади. Шунинг учун уларни тановвул қилишдан олдин тоза сувда ювиш ҳамда устидан қайноқ сув билан чайиш мақсадга мувофиқдир.

Тасмасимон гижжалар одамга гижжа личинкалари бўлган мол гўштини яхши қовурмай ёки йетарли даражада пиширмай истеъмол қилганда, айниқса, уй бекаларига хом қийма тузини татиб кўраётганда юқади.

Қолаверса, ҳайвонларни парвариш қилиш талабларига ҳам амал қилиш керак.

>Энг ифлос нарса бу-пул! Шу боис боланинг қўлига пул бергандан кейин унинг қўлини яхшилаб совунлаб ювишга одатлантириш лозим. Бу катталарга ҳам бевосита тааллуқлидир.

Ш.Абдуалимова