Кутубхона

Фидойи қизалоқ

Моҳира мактабдан кеч қайтди. Аслида-ку дарслар эрта тугаганди. Йўл-йўлакай дугонаси Меҳрибонникига ҳам кириб ўтди-да. Меҳрибон анчадан бери касал. Негадир тузалиб кетмаяпти. Мактабга ҳам келмай қўйди. Ўзи ҳам таниб бўлмас  даражада озиб-тўзиб кетибди. Белига тушадиган қоп-қора, қалин сочларини рўмол тагига бекитгани-бекитган. Бугун ҳам дарвозани Меҳрибоннинг бувиси очди. — Вой, қизгинамнинг дугонаси келибди-ку. Хабарчимдан ўргилай, келақол, оппоғим, — деди у Моҳирани ичкарига таклиф қилар экан. Баҳор келиб, кунлар исиб кетганига анча бўлди. Меҳрибоннинг уйи атрофида турли чечаклар очилиб ётибди. Ҳиди бошингни айлантиради. Аммо Меҳрибон ҳали ҳам ҳовлига чиқмабди. Касали оғирмикан-а? Моҳира чўчиб тушди. Худди ўртоғидан айрилиб қоладигандек  у ётган хона томонга югурди. — Меҳрибон, Меҳрибон. — Келавер, — ичкаридан заифгина овоз эшитилди. Моҳира хонага кирди-ю, анграйиб қолди. Меҳрибоннинг қоп-қора, қалин сочлари ўрнида тап-тақир эди. — Меҳрибон, нега сочларингни олдирдинг? — деб юборди Моҳира. Меҳрибоннинг лаблари, узун-узун киприклари титраб кетди. Сўнг йиғлаб юборди. Моҳира нима қилишини билмай қолди. — Сочларини олдиргани йўқ. Касаллик тўкиб юборди, — деди чойнак кўтариб кирган Меҳрибоннинг бувиси. Шунақасиям бўларканми? Ўйлади Моҳира. Ҳа, бўлиши мумкин. Ўтган йили ити Олапар ҳам қаттиқ касал бўлиб қолганди. Тузалаётганида ҳамма туклари тўкилиб кетган. Моҳира хурсанд бўлиб кетди. Энди Меҳрибон ҳам тузалибди-да. — Сен хафа бўлма, — деди у дугонасига. Кейинги ҳафтадан мактабга бор. Уялма. Ахир мен ёнингдаман-ку. — Ҳамма устимдан кулса-чи? Қўрқиб кетяпман, — йиғламсиради Меҳрибон. — Қўрқма. Қани, кулиб кўришсин-чи.

* * * Моҳира кийимларини алмаштириб сабрсизлик билан ота-онасининг ишдан қайтишини кута бошлади. Кечки овқат пайтида у ҳар доимги жойида эмас, дадасининг ёнида ўтирди. Дадаси билан кейинроқ гаплашмоқчи эди-ю, ичи ғимирлаб кетаверди. — Дадажон, — деди қизча шивирлаб. — Овқатимни охиригача еб қўйсам, бир илтимосимни бажарасизми? — Ҳа, албатта, қизим, — деди дадаси ўйлаб ҳам ўтирмай. — Ваъда берасиз-а? — Ваъда бераман, — деди Акром ака. Моҳира шоша-пиша овқат ейишга тутинди. У ҳар доимги одатига тескари овқатни бир қошиқ ҳам қолдирмасдан еди. Кейин эса дадасидан: — Энди илтимосимни айтаверайми? — деб сўради. — Айт, қизим. Қани-қани? — Сочимни олдириб келайлик. Моҳиранинг ота-онаси, акаси ҳангу манг бўлиб қолишди. Ахир улар Моҳирадан бундай гапни кутишмаганди-да. Ҳозир китобми, шоколадми ёки бирор қўғирчоқми сўрайди деб ўйлашганди. — Нега қизалоғим? Сочинг ёқмай қолдими? Унда кестира қолайлик. Олдириш шартми? — деди ойиси. — Йўқ, ойижон. Олдирмасам бўлмайди, — деди Моҳира. Ота-онаси рози бўлмагач, йиғлашга тушди. — Ахир ваъда бердинггиз-ку! — деди қизча дадасига. Моҳиранинг дадаси ноилож қизини  сартарошхонага олиб чиқди. Эссиз, шундай соч! — деди Акром  ака ер билан битта бўлиб ётган сочга қараб. Эртасига Моҳира Меҳрибонларникига югурди. Дарвозани тақиллатмасдан шошиб кирди-ю, Меҳрибонни чақирди. — Кетдик, мактабга, — деди у. — Энди устингдан ҳеч ким кулмайди. Моҳира шундай деб бошидан қалпоғини олди. Меҳрибон анграйиб қолди. — Соч... сочинг қани? — Йўқ. Энди иккиламиз бир хилмиз. Юрақол. Меҳрибоннинг рангпар юзларига қизил югургандек бўлди. У тезда кийиниб чиқди. Чиройли қалпоқни ҳам унутмади. Унинг бувиси эса Моҳиранинг фидойилигидан таъсирланиб кўзида ёш билан қизчаларнинг ортидан қараб қолди.

Саида ИБОДИНОВА