Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 14-ҳафта

14-ҳафта — ушбу узоқ йўлдаги энг ижобий босқичлардан бири. Саломатлигингиз жойида, “сирингиз”ни кўпчилик ҳали билмайди, бола эса сиз билан мулоқотга эҳтиёж сеза бошлайди. У онанинг овозини эшитади, унинг кайфиятини ҳис қилади — бола билан суҳбатлашишни бошлаш вақти келди.

Иштаҳа кучайиши мумкин, организмга кўпроқ оқсил зарур бўла бошлайди. Ортиқча еб қўйманг, аммо тўлиқ ва сифатли овқатланишдан ҳам ўзингизни тийманг.

14-ҳафтадаги ҳис-туйғулар

Онанинг қорни тепароққа кўтарилади ва сезиларли равишда думалоқлашади. Иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлганлар бола қимирлаганини пайқаши эҳтимолдан холи эмас. Агар бу ҳозир содир бўлмаса, у ҳолда 18—20-ҳафтага келиб, сиз ҳомиланинг силкинишларини албатта сезасиз. Қоринда “жанг” бўлаётгандек ҳис қиласиз. Шу тариқа, бола ўзи ҳақида эслатиб туради, ота-онаси билан алоқага киришади.

Аёл вазн тўплай бошлайди, бироқ ҳозирча бунга айланаётган қон ҳажмининг ошиши сабаб бўлади. Айни пайтда бўлажак она семираётганидан мамнун бўлиши мумкин, аммо иштаҳани бироз тийиш ҳам керак. Акс ҳолда, вазн йиғиш сизнинг фойдангизга бўлмайди.

14-ҳафтада ҳомиланинг ҳолати

Бу пайтда ҳомила жуда тез ўсмоқда ва шиддат билан вазн тўпламоқда. Унинг кўриниши чақалоққа жуда ўхшайди. Тўғри, ҳозирча у жуда озғин, аммо ёғ тўқималарини тўплаш учун ҳали эҳтиёж йўқ: ҳозир асосийси органлар ва тизимларнинг ривожланиши ва такомиллашишидир.

Боланинг қош ва киприклари пайдо бўлган, мимикаси анча ривожланган. У бармоғини сўришни бошлаган ва бу унга жуда ёқади. Она ширин нарса еганида ҳомилани ўраб турадиган сувнинг таъми ҳам ўзгаради: болага бу ёқиб тушади ва уни кўпроқ юта бошлайди. Ҳомиланинг ҳиссиётлари хилма-хиллашади. Тери қопламасининг таъсирчанлиги ошади, шунингдек, таъм билиш рецепторлари ривожланади.

14-ҳафтада боланинг жинсини аниқлаб бўлмайди, бироқ жинсий органлар ривожланиш босқичининг якуни арафасида туради.

Бу даврда боланинг бўйи 8—11 сантиметрни, оғирлиги 25 граммни ташкил этади. Ҳажми бўйича у олмани эслатади.

Организм ловия ва мол гўштини талаб қилади

Боланинг мускул тизими фаол равишда ривожланаётгани учун у кўпроқ ҳаракатланади, она организми эса кўпроқ оқсил талаб қилади. Қайнатилган мол гўшти, ловия — мана шу маҳсулотлар дастурхонингизда бўлсин. Худди шунингдек, клетчатка ҳақида ҳам унутманг ва мева-сабзавотларни кўп-кўп енг.

Ширинлик ва хамирли таомларни чеклаган маъқул, уларни камроқ миқдорда туш пайтигача еб олинг. “Икки киши учун ейиш” ҳеч ҳам керак эмас: бу муддатда ортиқча вазн умуман фойда келтирмайди.

Айнан 14-ҳафтада шифокор сизга витамин комплексини ёзиб бериши мумкин. Бугунги кунда бусиз бўлмайди: овқатнинг ўзи она организмини барча зарур витаминлар билан тўлиқ таъминлай олмайди.

Ҳомиладорликнинг 14-ҳафтасида нималар содир бўлади?

Хол ва папилломалар аёл баданида айнан 14-ҳафтада пайдо бўлиши мумкин. У хавфли эмас, шундай бўлса-да, бундай ўзгаришлар ҳақида шифокорингизни хабардор қилинг.

Қорин бу муддатда ўсиб бормоқда, демакки, тери тўқималари чўзилиши мумкин: махсус крем сотиб олинг ёки ҳеч бўлмаганда, қоринга зайтун ёғи суринг.

Қадам ташлашингиз ўзгара бошлайди, шу туфайли пошнали оёқ кийимларни олиб қўйиш вақти келди. Ҳомиладорлик — чиройли кўриниш истагидан воз кечиш учун сабаб эмас, аксинча, сиздаги ички ёруғлик сизга ўзига хос жозиба беради. Шунинг учун чиройли соч турмаги, енгил макияж, қулай ва шу билан бирга, замонавий кийим-кечак билан сиз энг латофатли ҳомиладор аёл бўласиз.