Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 19-ҳафта

Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасида кўпчилик аёллар бола қимирлаганини аллақачон сеза бошлайди. Кимдир ҳар бир ҳаракатни аниқ-тиниқ эшитади, кимдир эса “капалаклар қанот қоқаётгани” ҳақида шунчаки тахмин қилади. Бўлажак онанинг вазни аста-секинлик билан ортмоқда, сонлар кенгаймоқда.

Бола ўсмоқда, вазн тўпламоқда, у тобора жажжи одамчага ўхшаб бормоқда. Ҳомиладорлик ўз экваторига яқинлашмоқда, бу эса хурсанд қилмай қўймайди.

19-ҳафтада нималар содир бўлади?

Ухлаш вақтида ётиш ҳолатини танлаш тобора қийинлашмоқда. Қорин билан ётиш энди умуман мумкин эмас, бу ноқулай ҳам. Чалқанча ётиш ҳам бўлажак онага тавсия этилмайди: бачадон юракнинг ўнг бўлмасига бориб қуйиладиган устки ва остки веналарни сиқиб қўйиши мумкин, бу хавфли. Шундай қилиб, ёнбошлаган ҳолда оёқни бироз йиғиб ётиш вариантигина қолмоқда. Оёқ тагига ёстиқ қўйиш мумкин.

Бачадон ўсаётгани туфайли, бу тос суяги ва белда баъзи оғриқларни келтириб чиқариши мумкин. Суяклар аста-секинлик билан очилмоқда, бу доим ҳам оғриқсиз бўлмаслиги мумкин. Аммо бўлажак она қорин остидаги тўлғоқсимон оғриқдан огоҳ бўлиши керак, енгил оғриқлар эса нормал ҳисобланади.

Бир хил позада узоқ вақт ўтирманг, суянчиғи бор курсилар билан “дўстлашинг”. Шунингдек, оёқларингизни чалиштириб ўтирманг, баланд пошнадан эса албатта воз кечинг.

19-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Боланинг мияси ўсмоқда ва фаол тарзда ривожланмоқда. Бу ҳомиланинг ҳаракатларига ўз таъсирини ўтказади: энди унинг ҳаракатлари анча мувофиқлашган бўлиб, унда аввалги тартибсизлик камроқ кузатилади.

19-ҳафта бронх тармоқлари шаклланадиган давр, унинг нафас тизими такомиллашмоқда. Шунингдек, боланинг ёғ безлари фаоллик билан оқиш-кулранг ёғ ишлаб чиқармоқда, у ҳомилани уни ўраб турган суюқлик таъсиридан ҳамда патоген микроорганизмлардан ҳимоя қилади.

Боланинг бўйни мустаҳкамланган, энди у 180 градусга бурила олади. 19-ҳафтада боланинг бўйи 13—15 сантиметрни, оғирлиги 200 граммни ташкил этади. Ҳажмига кўра, у картошкани эслатади.

Бола сигнал беради

Энди ҳаётингизга ўз фарзандингизни ҳис қилиш ва у билан психологик жиҳатдан боғланиш каби ҳайратланарли нарсалар кириб келди. У сизга илк қимирлашлар кўринишидаги сигналларни юборади ва сиз боланинг ҳақиқатда мавжудлигини тобора кўпроқ ҳис қилиб борасиз.

Онанинг психологик кайфияти бу даврда хавотир уйғотмайди. Тўғри, у бироз чарчаши мумкин, унга чарчатадиган бир хил ҳаракат тавсия қилинмайди. Ўзингизни ва болангизни севинг, дам олиш керак бўлганида дам олинг, аҳволингизга қараб, лозим кўрганингизда эса фаол бўлинг.

Асосий таомнома — бўтқалар ва мол гўшти

Ҳозир сизнинг таомномангизда қовурилган ва ёғли таомлар бўлиши керак эмас. Аччиқ, дудланган, нотабиий қўшимчалари бўлган овқатлар ҳам минимум миқдорда бўлиши керак. Шунингдек, шўр нарсалар ва ширинликларни ҳам қатъий назорат остида истеъмол қилинг.

Кўп миқдорда кальций ва темирга эга маҳсулотлар эса, аксинча, кундалик рационингизда доимий бўлиши керак. Булар гречка, сўли ёрмаси, туршак, черника, помидор шарбати, гўшт ва бошқалардир.

Бўлиб-бўлиб тез-тез овқатланинг, бироқ тун бўлганида ҳеч нарса тановул қилманг.

Ультратовушли текширув

Қондаги қанд ва гемоглобин миқдорини текшириш, сийдик таркибини оқсилга текшириш вақти келди. Агар зарурат бўлса, шифокор ҳомиладорни прогестерон миқдорини текшириш учун юбориши мумкин.

Ҳомиладорликнинг 19-ҳафтасидаёқ иккинчи мажбурий ультратовушли текширувдан ўтиш мумкин. Шифокор боланинг юрак уришини текширади, ҳомиланинг ҳаракатлари фаоллигини баҳолайди, патологиялар диагностикасини ўтказади. Шунингдек, бачадон ва ҳомиланинг катталиклари белгиланади, ҳомилани ўраб турган сув ҳолати баҳоланади.

19-ҳафтадаги ҳиссиётлар

Бачадон катталашгани туфайли, аёлнинг юриши ҳам ўзгаради. Бу бир неча ойга пошнали пойабзалдан воз кечишнинг айни вақтидир.

Тери тўқималари чўзилишига қарши кремдан фойдаланишда давом этамиз, шунингдек, тери, соч ва тирноқларни парваришлаймиз. Тиш билан боғлиқ муаммолар юзага келса, шифокорга борамиз. Вақт ўтавергани сари стоматологик креслода узоқ вақт ўтиришингиз қийинлаша бошлайди.