Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 26-ҳафта

Иккинчи уч ойлик ўз якунига етмоқда. Бўлажак онанинг қорни аллақачон киндикдан 6 см юқорида жойлашган. Бир тасаввур қилинг-а, айни пайтда бачадонингиз ўртача тарвуз катталигига тенг.

Туғруққа тайёргарликни бошлаш вақти келди, махсус курсларга ёзилишингиз мумкин. Атрофдагилар ҳомиладорлигингизни сезиб бўлган, улар қорнингизнинг шаклига қараб қиз ёки ўғил кутаётганингиз ҳақида хулоса қилиши мумкин. Аслида эса қориннинг шакли қандай бўлиши аёлнинг тос суягига боғлиқ: агар у тор бўлса, 26-ҳафтада қорин узунчоқ кўринишда бўлади.

26-ҳафтада нималар содир бўлади?

Ўсиб бораётган қорин нафас олишингизни қийинлаштириб қўяди, нафас қисилиши юзага келади, доимий равишда чуқур нафас олиш истаги туғилади. Ўз пойабзалингизни мустақил тарзда кийиш қийинлашиб боради, юришингиз ўзгаради.

Бу муддатга келиб, вазнингиз 9 килограммгача ортиши мумкин, бу нормал ҳолат. Белингиз, оёқдаги оғирликлар безовта қилиши мумкин. Кўпроқ дам олинг, узоқ вақт сайр қилманг ва узун навбатларда турманг. Ҳозирча шифокор кўригидан икки ҳафтада бир марта ўтасиз, аммо сизда ҳомиладорлар камқонлиги ёки пиелонефрит хавфи аниқланса, шифокорга кўпроқ боришга тўғри келади.

Махсус бандаж тақинг, тери чўзилишларига қарши кремлардан фойдаланинг. Агар сизда сохта дард ёки ҳомиланинг ҳаддан ортиқ тарзда кўп қимирлаши кузатилса, хавотирланманг. Бироқ бу ҳақда шифокорга айтган маъқул, айниқса, дард тез-тез содир бўлаётган бачадон гипертонуси билан биргаликда қайд этилса.

26-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Ушбу ҳафтада ҳомиланинг бўйи 32 см, оғирлиги деярли 900 граммга етади. У жуда фаоллашиб қолган, ва сиз буни ҳис қиласиз. Баъзан боланинг тепишлари анча оғриқли бўлиши мумкин (айниқса, улар жигар ёки сийдик пуфагига бориб тегса).

Бола ёғ тўпламоқда, унинг териси бироз очроқ тусга кирган. Унинг асосий сезгилари таъм ва товушлардир. Унга ёқимли сокин мусиқа, онанинг майин овози, табиатнинг гўзал товушлари ёқса ажаб эмас. Шовқин-сурон эса болакайни қўрқитиб юбориши мумкин.

Бола она қорнида унинг юрак уришини, қоннинг томирлар бўйлаб юришини эшитади, булар у учун қадрдон товушлардир. Буни эсда тутинг, бола туғилганидан сўнг инжиқлик қилганида, уни бағрингизга босиб, шу тариқа тинчлантиришингиз мумкин. У онанинг юрак уришини эшитади ва ўзи учун одатий бўлиб қолган товушни танийди.

Ўзингизни стресслардан нари тутинг

Ҳолатингиз билан боғлиқ баъзи ўзгаришлар сизни хафа қилиши мумкин. Бироқ бу қийинчиликларнинг барчаси абадий эмас, тез орада сиз умуман бошқа ташвишлар дунёсига шўнғийсиз. Бор диққатингизни ўз бетобликларингизга қаратманг, диққатингизни жамлаш учун бошқа объектларни топинг.

Ва, албатта, яқинларингиздан сизга таянч бўлишни, сизни қўллаб-қувватлашни сўранг. Ўзингизни ортиқча уринтирманг. Ўзингизни турли стресслардан нари тутинг, ҳозир улар сиз учун ортиқча.

Порцияларни камайтирамиз

Кўнгил айниши ва жиғилдон қайнаши — ушбу муддатда тез-тез учраши мумкин. Бунинг ҳайратланарли жойи йўқ: бачадон бошқа органларга босим ўтказади, уларни силжитади, ҳазм қилиш тизими ҳам жойидан сурилишга мажбур бўлади. Бундан сизни бўлиб-бўлиб овқатланиш қутқаради. Яхшиси, тез-тез кам-камдан (мушт катталигидаги порцияларда) енг.

Ҳозир уйда тайёрланган овқат маъқулроқ, бироқ у ҳам аччиқ, шўр, дудланган ва қовурилган егуликларни истисно қилиши керак. Ширали ва хамирли таомларни кам-камдан ейиш мумкин. Зираворларни ҳам суиистеъмол қилмаган маъқул, ахир қорнингиздаги бола ўзини ўраб турган сувни ютади, у эса сиз еган овқат таъмига эга бўлади.

26-ҳафтадаги ҳиссиётлар

Аввалги кийим-кечакларингизга сиғишингиз амри маҳол. Ҳатто, пойабзални ҳам бу муддатда каттароғидан харид қилишга тўғри келиши мумкин. Бироқ бу сиз чиройли ва латофатли бўлмай қолдингиз дегани эмас. Ҳозирги қоматингизни кенг ва узун чакмонлар ёки ноқулай тор шимлар эмас, бўлажак оналар учун махсус кийимлар орқали чиройли қилиб кўрсатиш мумкин.