Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 31-ҳафта

Туғруқ тобора яқинлашмоқда. Бола кунига ўсмоқда, вазн йиғмоқда, янги одатларни ўзлаштирмоқда. Она ноқулайликларни ҳис қилмоқда. У учун юриш ва нафас олиш қийинлашиб қолган.

31-ҳафтада боланинг оғирлиги

Кун сайин эмас, соат сайин улғаймоқдамиз. Бола фаоллик билан мускул массасини йиғмоқда, 31-ҳафтада унинг оғирлиги 1,5—1,6 кг, бўйи 39—40 сантиметрга етади. У бармоғини сўришни ўрганган.

Боланинг мияси фаоллик билан ривожланишда давом этмоқда, асаб толалари атрофида ҳимоя қобиқлари пайдо бўлади, шу туфайли энди бола ўз импульсларини тезкорроқ етказа олади. Ушбу ҳафтадан бошлаб унинг кўз қорачиқлари деярли катталарникидек бўлиб қолади, ҳомила ёруғлик ва қоронғиликка реакция кўрсата бошлайди, тери остида ёғ тўқимаси тўпланади, чақалоқ эса пушти тусга киради.

Энди фарзандингиз оғриқни ҳис қила олади. Агар сиз тасодифан қорнингизга одатдагидан кўра кучлироқ босим ўтказсангиз, у ўша заҳотиёқ жавоб кўрсатади — қимирлай бошлайди ва шу тариқа, қаршилик билдиради. Кескин товушлардан бола чўчиб тушади, яъни 31-ҳафтадан бошлаб у ташқи дунё сигналларига нисбатан анча таъсирчанлашади.

31-ҳафтада қимирлашлар

Ушбу муддатда бола аввалгидек вақти-вақти билан қўл ва оёқчалари ёрдамида тартибсиз ҳаракатлар қилиб туради, фақат энди унинг турткилари анча кучли. Она ўз қорнига қараб ичкарида “ҳаёт қайнаётгани”ни кўриши мумкин.

Ушбу ҳафтада бола учун хос бўлган ҳаракатлар: қўл ва оёқлар мушаклари ривожланиши учун зарур бўлган қимирлашлар, кескин товушдан чўчиб тушиш, ҳиқичоқ тутиб силкиниш.

Агар у ҳозир туғилса…

Ўтган ҳафтадан буён етти кунгина кечган бўлса-да, бу вақт ичида у жиддий ўзгаришларга учраган.

Унда ўпка тўқимаси кундан-кунга етилади, альвеола халтачаларида эпителий ҳужайралари — ўзига хос сурфактант моддасини ажратувчи қатлам пайдо бўлди. Ушбу модда чақалоққа ўпкаларни ёзиш ва биринчи мустақил нафасни олиш имконини беради. 30-ҳафтада буларнинг ҳеч бири йўқ эди. Агар бола 31-ҳафтада туғилса, унинг яшаб кетиш эҳтимоли анча юқори бўларди.

Ўз-ўзини инсулин билан таъминлайди

Ошқозон ости безида ҳужайралар сони кўпаяди, унинг массаси ошади. Без оқсиллар, ёғлар ва углеводларни парчалаш учун ферментлар ишлаб чиқаришга деярли тайёр. Бироқ бу туғруқдан сўнг амалга ошади.

Ҳозир эса ошқозон ости бези мустақил равишда бола организмини қондаги қанд миқдорини бир меъёрда сақлаб турувчи инсулин билан таъминлаш ила банд.

Жигар такомиллашишда давом этмоқда: айнан қонни токсинлардан тозалаш учун жавобгар бўлган бўлаклар шаклланишни якунламоқда. Ушбу даврда боланинг буйраклари яхши ишлайди, у сийдикни ўзини ўраб турган суюқликка чиқаришда давом этади.

Она ўзини қандай ҳис қилмоқда?

Сиз сезиларли равишда оғирлашдингиз, тахминан 8,6 килограммга. Ушбу вазн  ҳомила, йўлдош, ҳомила атрофидаги сув, катталашган бачадон ва томирлардаги қоннинг умумий ҳажмидан ташкил топган. Қорин катталашишда давом этмоқда. Бачадон янада кўтарилиб, ҳозир киндикдан 11 сантиметр баландликда жойлашган.

Ҳомила катталашиб, қорин бўшлиғида ўзи учун тобора кўпроқ жой талаб қилмоқда, шу туфайли кўкрак қафаси ва тос суяги қисмида ноқулайлик ва ёқимсиз ҳиссиётлар юзага келиши мумкин. Катталашаётган бачадон барча органларни ўз жойидан силжитиб, уларнинг ишлашида қийинчилик келтириб чиқаради. Айниқса, бу ошқозонга тегишли. Жиғилдон қайнаши — бунинг исботи.

Ортиқча еб қўйишдан сақланинг!

Ҳомиладорликнинг 31—32-ҳафтасида доимий равишда ширингина нарса еб олишга бўлган эҳтиёж кучаяди . Албатта, турли-туман маҳсулотларни истеъмол қилиш бола учун фойдали, аммо ортиқча вазн ҳақида ҳам унутиб қўйиш керак эмас. Айнан ҳозир улар энг кераксиз жойларда тўпланади. Организмнинг ўзи шундоқ ҳам ҳомиладорлик оқибатида ўта катта оғирликни ҳис қилмоқда, бунинг устига, у меъёридан ортиқ еб қўйиш билан ҳам ўз вақтида курашиши керак бўлади. Шунинг учун шифокорлар тўғри овқатланишни ва кам-камдан ейишни тавсия этади. Овқатланиш кунига тахминан 6 маҳал бўлиши керак. Акс ҳолда, ортиқча вазн баъзи асоратлар ва шишишларга олиб келиши мумкин.

31-ҳафтадаги муаммолар

Бу ҳафтада нафас қисиши ва белдаги оғриқлар каби муаммолар пайдо бўлиши мумкин. Ҳозир белнинг барча мушаклари ва пайлари бўшашган, улар кейинчалик туғруқ фаолиятида тўлиқ қатнашиш учун айни пайтда “дам олмоқда”.

Ушбу ҳафтада оёқларда веналар шишиши кузатилиши мумкин. Бундай вазиятдан сизни компрессион ич кийим қутқариши мумкин.

Бундан ташқари, 31-ҳафтада организмда релаксин — тос суяк бирикмалари сусайишига олиб келадиган модда ишлаб чиқарилиши кучаяди. Тос ҳалқаси қайишқоқ ва чўзилувчан бўлиб қолади.