Саломатлик

Мадад-шифо: томоқ оғриганда...

— 13 ёшли ўғлимнинг тез-тез томоғи оғриб туради. Совуқ сув ичса, бас, йўтала бошлайди. Бу касалликни кимёвий дориларсиз даволашнинг иложи борми?”

Дилдора Чориева, Сурхондарё вилояти

— Ибн Сино бобомиз шотут баргининг шираси билан томоқ, оғиз бўшлиғи ва тиш касалликларини даволаган. Бунинг учун шотут меваси суви билан томоқ ғарғара қилинади ёки оғизга олиб айлантирилади.

Ширин бодом ёғига шакар қўшиб истемол қилинса, томоқни юмшатиб, овозни равон қилади, қуруқ йўталдан халос этади.

Олхўри барги ёки илдизини сувда қайнатиб, сувида ғарғара қилинса, ҳалқумдаги тилчанинг шиши ва томоқдаги бодомчасимон безлар шишини қайтаради.

Томоқ балғамдан оғриганда, оғриқ унча билинмай, оғиз тўлиб сув келади. Шунда анжирни қайнатиб, ҳар чанқаганда сувини ичиш фойда беради.

Бир чой қошиқдаги ичимлик содасини ва шунча тузни бир пиёла қайноқ сувда эритиб, илиқ ҳолида томоқ чайилса, оғриқни даф қилади.

Манба: Darakchi.uz