Кутубхона

“Ўғлим ўқимишли бўлишини истайман, лекин...”

— Бир йил аввал турмуш ўртоғим вафот этди. Бир нафар ўғлим ва қизим бор. Ўғлим 9 ёшда. Ҳозир ота уйимга қайтиб келганман. Ўғлим бува ва бувиси билан кўришиб туради. Ҳар гал улар билан кўришгач, фикри ўзгариб қайтади. Яъни мен уни ўқишга, илм олишга ундасам, улар эса пул топишга ундайди. Ўқимайман, ишлаб пул топаман, деган фикрни миясига қуйиб олган. Спорт билан шуғуллансин деб спорт мактабига берганман, лекин у ерга боришни камайтирган, қизиқиши сўнган. Қайнона-қайнотам, эрим ҳам ўқимаган оила эди. Менинг оилам эса олий маълумотли. Боламни ҳам ўқимишли бўлишини истайман.

Гулноза К., Наманган

Саволга психолог Шаҳноза Халилова беради:

— Табиийки, бола икки уйлик бўлганда, унда икки хил вазият, икки хил дунёраш бўлади. Бунда болада ички конфликт келиб чиқади. У нима тўғрию, нима нотўғри эканлигини ҳали яхши билмайди — ўқиш керакми ёки ўқимай, ишлаб пул топиш муҳимми? Айни вазиятда болани айблаб бўлмайди. Нима учун у бобо ва бувисининг тарафига ўтиб оляпти, уларнинг гапларига қулоқ соляпти? Чунки у ерга меҳмон бўлиб боради, улар томон ўғлингизни яхши кўришади, меҳр кўрсатишади, боламдан қолган ёдгор деб эркалашади. Бу эса қайси болага ёқмайди, дейсиз. Демак болага у ёқда яхши, бу ёқда эса сизнинг талабларингиз ёмон. Вазиятга тўғри қаранг. Сиз бобосиникига боришни тақиқлаб ёки уларни ёмонлашга уринишингиз ҳам тўғри бўлмайди. Улар ҳам сиз каби боладан умид қилишади, йўқотган ўғлининг ўрнини босишини хоҳлашади. Сиз ўғлингиздан идеал эркакни яратишни истаяпсиз. Лекин идеал бўлиш йўлидаги уринишлар тўғри келмаяпти. Нима қилиш керак? Биринчи ўринда бобо ва бувиси боламни айнитяпти, деган фикрни хаёлдан чиқариб ташланг. Иккинчидан, қайнота ва қайнонангиз билан бола ҳақида гаплашиб олинг, уларга бола ўқимасдан, спорт билан шуғулланмасдан бекорчи ишларга чалғиб қолаётганини тушунтиринг, яъни боланинг тарбияси, келажаги учун улар ҳам масъуллигини айтинг. Бунда уларнинг ҳам ҳиссиётларини ҳурмат қилинг. Бола уларнинг ҳам боласи барибир. Уларни дилини оғритмаган ҳолда болани биргаликда тарбиялашни таклиф қилинг.

Муниса тайёрлади

Манба: Darakchi.uz