Биласизми?

Ўзбекистонда ўқувчиларни биринчи синфга қабул қилиш ва бошқа мактабга кўчириш тартиби ўзгартирилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида таълим тизими раҳбарлари иштирокида ўтказилган йиғилишда инсон ресурсларини ривожлантириш пойдевори бўлган, ёшларда билим, дунёқараш ва маънавият асосларини шакллантирувчи умумий ўрта таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Йиғилишда Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Президент томонидан берилган топшириқларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир қатор вазифалар белгилаб олинганлигини таъкидлади. Халқ таълими тизимида йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларни ҳал қилиш учун 3-4 йилда амалга оширилишини режалаштирилган «Йўл харитаси»да қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилишини билдирди.

Ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини ошириш бўйича:

1. Ўрта таълим тизимидаги ойлик маошларини ошириш;

2. Ўқитувчи ва халқ таълими тизими ходимларини шанбалик, тозалаш, мажлислар, обунага жалб қилиш, уйма-уй юриш ва ҳоказо ишларга жалб этмаслик;

3. Турли назорат органлари ва ҳокимликка бўйсинувчи ташкилотлар томонидан текшириш ва ўрганишлардан холис қилиш;

4. Ўқитувчи ва ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоялаш учун махсус Назорат-ҳуқуқий хизматни ташкил этиш. Аҳоли ва ўқитувчилар билан алоқа ўрнатиш мақсадида «Колл-сентр» ташкил этиш;

5. Телевидение, радио ва онлайн оммавий ахборот воситаларида ўқитувчининг обрўсини оширишга қаратилган ижтимоий роликлар яратиш ва кенг тарғибот ишларини олиб бориш. Бунинг учун вазирликда Медиа марказ ташкил қилиш.

Соҳанинг бошқарув тизимини такомиллаштириш бўйича:

1. Тизимни бошқариш структурасини тубдан қайта кўриб чиқиш ҳамда вазирга тизим муассасалари тузилмаси, штат жадвалларини кўриб чиқиш, тасдиқлаш, уларни рағбатлантириш бўйича тегишли ваколатлар бериш;

2. Мактаб директорларига бўлган талабни қайта кўриб чиқиб, коорпоратив бошқарувни жорий этиш, мактаб директори менеджер сифатида ва қолган ўринбосарлари ўз йўналишлари бўйича иш фаолиятини олиб боришини йўлга қўйиш. Директорларнинг сертификатлаштириш тизимини жорий этиш;

3. Жамоавий назорат тизимини кучайтириш учун Кузатув кенгашларини тузиш ва уларнинг ролини ошириш;

4. Қурилиш ишларини сифатли ташкил этиш учун махсус инжиниринг компаниясини ташкил этиш. Шу билан биргаликда, қурувчини танлаш ва қурилишни амалга ошириш ишларини маҳаллий ҳокимликларда қолдириш;

5. Намунавий мактаб сифатида «Келажак мактаби»ни барча ҳудудларда ташкил этиш.

Халқ таълими тизимида молиялаштиришни такомиллаштириш йўналишида:

1. Тизим эҳтиёжларини молиялаштиришни вазирлик ихтиёрига бериш, жумладан Мактаб таълимини ривожлантириш фондини ташкил қилиш;

2. Кейинги йиллар бюджетини шакллантиришда халқ таълими соҳасига молиялаштиришни оширилишини инобатга олиш;

3. Юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш учун вазирлик қошида Ислоҳотларга кўмаклашиш фондини ташкил этиб, унга жорий йилда 100 миллиард сўм ажратиш;

4. Мактабларга бюджетдан ташқари маблағ топиш учун кенг имконият яратиш.

Таълим сифатини ошириш бўйича:

1. Ўқитувчини ўқувчиларни назорат қилиш ўрнига уларга кўмак берувчига, мустақил таълим олиш кўникмаларини шакллантиришга ёрдам берувчига айлантириш;

2. Олий ва мактабгача таълим тизимлари билан узвийликни таъминлаш, давлат таълим стандартлари ва ўқув режаларни ўқувчиларнинг ҳар бир таълим босқичида мустақил таълим олиш кўникмаларини оширишга мақсадида қайта кўриб чиқиш;

3. Дарсликларни яратиш ва чоп этиш тизимини, энг замонавий методикаларни инобатга олган ҳолда тубдан такомиллаштириш;

4. СТEAM йўналишларни (илм, технология, муҳандислик фанлари, санъат ва математика) кенг жорий этиш, ўқув лабораторияларини қайта жиҳозлаш, электрон лабораторияларини яратиш;

5. Мактаблардаги ёшларни жазолаш (буллинг) ҳолатларни бартараф қилиш, ҳуқуқбузарликни олдини олиш мақсадида «Хавфсиз мактаб» дастурини жорий этиш;

6. Чет тилларни ўқиш имкониятини кенгайтириш. Жумладан, немис, француз ва хитой тилларини ўқитишни кўчайтириш, рус тили ўқитувчиларига бўлган эҳтиёжини қондириш.

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўналишида:

1. Халқ таълими вазирлигида Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш агентлигини ташкил қилиш;

2. Ўқув жараёнини бошқаришнинг ахборот тизими (EMIС) ни жорий этиш учун ўқувчилар, ота-оналар, ўқитувчилар, ходимлар ва мактаблар маълумотлар базаларини яратиш;

3. Ўқувчиларни биринчи синфга қабул қилиш, мактабдан мактабга кўчириш ва бошқа хизматларни электрон шаклга ўтказиш ҳамда 2019 йилдан бошлаб Давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилишни йўлга қўйиш;

4. Ўқитувчиларнинг қоғозбозлигини камайтириш учун электрон давомат ва ўзлаштириш тизимларини (электрон журнал, кундалик, табел ва бошқалар) жорий этиш;

5. Соҳада молиявий назоратни кучайтириш, шаффофликни таъминлаш ва Кузатув кенгашлари ролини ошириш учун молия бошқариш тизимларини (FMS) жорий этиш;

6. Барча мактабларни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш ва замонавий компьютер техникаси билан таъминлаш;

7. Ўқувчиларни идентификациялаш (NFS, ID-карта) замонавий тизимларини жорий этиш ва уларни бошқа тизимлар (соғлиқни сақлаш, ҳуқуқ-тартибот ва ҳоказо) билан интеграция қилиш.