Чақалоқ

Кўкрак сутини уй шароитида кўпайтириш йўллари

Эмизиш она учун ҳам, чақалоқ учун ҳам масъулиятли давр ҳисобланади. Баъзан ёш оналар кўкрак сути билан озиқланаётган фарзанди яхши вазн олмаётгани ва инжиқлик қилаётгани билан боғлиқ муаммоларга дуч келади. Бу она парҳезининг бузилиши ёки шунчаки сут етишмаётганидан дарак бериши мумкин. Айнан шу пайтда оналар қаршисида бола сутга тўйиши ва бошқа турли аралашмалар билан қўшимча овқатлантиришга ҳожат қолмаслиги учун кўкрак сутини қандай кўпайтириш муаммоси пайдо бўлади.

Лактация ва эмизикли онанинг таомномаси

Биринчи навбатда эмизикли онанинг ҳаёт тарзи ва унинг рационидаги маҳсулотларга эътибор қаратиш керак. Бир кунлик таомномага қуйидагилар албатта кириши керак:

  • гўшт (парранда гўшти, балиқ);
  • сут ёки қатиқ маҳсулотлари (1 литр);
  • творог (100 грамм);
  • пишлоқ (30 грамм);
  • сабзавотлар (500 грамм);
  • мевалар (300 грамм);
  • сарёғ (20 грамм);
  • ўсимлик ёғи (25 грамм).

Қуйидагиларни эса истеъмол қилмаган маъқул:

  • углеводларга бой маҳсулотлар (шакар, нон, қандолат маҳсулотлари — буларни кўп миқдорда ейиш керак эмас);
  • ҳар қандай алкоголь ичимликлари;
  • аллерген маҳсулотлар: шоколад, қаҳва, ёнғоқлар, икра, цитрус мевалар;
  • аччиқ зираворлар ва қўшимчалар (пиёз, саримсоқ пиёз, қалампир).

Кўкрак сутини халқ табобати орқали кўпайтириш

Ҳақиқатан ёрдам бериши мумкин бўлган бир нечта усуллар мавжуд.

  1. Кўпроқ суюқлик ичиш

Бунда турли ўтлардан тайёрланган витаминли ичимликлар тавсия этилади. Зира, арпабодиён, шивит, қичитқи ўт кабилар лактацияни яхшилайди.

Масалан, 15 грамм зирани олиб, уни қайнаб турган бир литр сувга солиб, бўлакланган битта лимон ва шакар қўшиб 5—10 дақиқа қайнатилади. Сўнг сузиб олинади ва совитилган ҳолда кунига 3 маҳалдан ичилади.

Шунингдек, сутли чой, новвотли чой ҳам эмизишдан ярим соат аввал ичилганида яхши самара беради.

  1. Тез-тез эмизиш

Болани талабга қараб, тунги вақтда танаффус қилмасдан эмизиш лозим. Болани тунда эмизиш — бутун эмизиш даврида узоқ ва сифатли лактация гаровидир. Соатга қараб қатъий эмизишдан воз кечган маъқул.

  1. Кўкракни массаж қилиш

Эмизиб бўлгандан сўнг душда эмизилган кўкракни массаж қилиб кўринг. Уни илиқ сув оқими остида 5—10 дақиқа давомида бажаринг. Массажни кўкрак учидан четларига қараб айлана ҳаракатлар билан амалга оширинг.

Кўкрак сутини кўпайтириш учун дорилар

Эмизикли оналар учун поливитаминлар, гомеопатик воситалар, биологик фаол қўшимчалар каби сутни кўпайтиришда ёрдам берувчи дорилар ҳам мавжуд. Уларни шифокор тавсиясига кўра қабул қилиш керак.

Аммо саноатда ишлаб чиқарилган дори ва витаминларни суиистеъмол қилиш ярамайди. Кўкрак сутини кўпайтириш учун болага тез-тез кўкрак тутиш, эмизиш вақтида ташқи чалғитувчиларни йўқ қилиш, стрессдан нари юриш керак. Ва асосийси, асабийлашманг ва ижобий кайфиятни сақланг.